Сўнгги икки йилда 400 нафар ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали чет эллардаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқишга юборилди.

Мисол учун, тошкентлик Ламия Худоярова Оксфорд университетига, бухоролик Расулбек Баҳодиров Лондон университетига, самарқандлик Нилуфархон Рўзиева Чикаго университетига ўқишга қабул қилинди.
Бундай йигит-қизлар ҳар бир вилоятимизда кўплаб топилади.
Иқтидорли ёшларимиз сўнгги бир йил ичида халқаро фан олимпиадаларида 255 та медални қўлга киритди.
Шу билан бирга, жорий йилда 382 нафар спортчи ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда 419 та совринли ўринларни эгаллади.
Жумладан, Нодирбек Абдусатторов ва Умида Омонова – тезкор шахмат бўйича, Зуҳриддин Қодиров қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони бўлгани, 23 ёшгача футболчиларимиз Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритгани, шубҳасиз, бутун халқимизга ғурур бағишлади.
Мен ана шундай илмли, иродали ва қобилиятли фарзандларимиз борлигидан фахрланаман. Уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига алоҳида раҳматлар айтаман”.