Айни кунларда Тожикистон Қишлоқ хўжалиги Академияси тизимидаги бир қатор илмий муассасаларнинг 15 кишидан иборат делегацияси Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ўринбосари Акмал Тўланов делегация вакилларини дастлаб Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти фаолияти билан таништирган бўлса, меҳмонлар бугун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўсимликлар генетик ресурслари фаолияти билан яқиндан танишиб, олимларимиз билан ўзаро фикр алмашдилар.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига ташриф давомида институт директори Баҳодир Иброҳимов меҳмонларга илмий муассаса тарихи, олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари, селексия ютуқлари ва бугунги кунда маҳаллий картошка навларининг юқори авлодли уруғликларини тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.
Тожикистон делегацияси илмий муассасада илмий тадқиқотлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда илмий фаолиятга юқори баҳо бердилар.
Илмий муассасага ташриф якунида делегация вакиллари сабзавотчилик илмини ривожлантиришда институтимиз билан яқин ҳамкорлик қилиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Таклиф институт жамоаси томонидан қўллаб-қувватланди.






