Аграр соҳа илмини ривожлантиришда хитойлик олимлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Шу кунларда Хитойнинг Синсзян ишлаб чиқариш ва қурилиш корпуси Фан ва технологиялар бошқармаси бош муовини Ли Хун раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафар доирасида меҳмонлар Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Миллий марказда ўтган учрашувда Марказ директори ўринбосари Бунёд Маморахимов делегация аъзоларига мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги илмида амалга оширилаётган янгиликлар, илмий-тадқиқот институтлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳамда Хитой билан олиб борилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Хитойлик олимлар ўз тажрибалари асосида тупроққа сингиб кетадиган экологик тоза плёнка технологияси ҳақида сўз юритди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу технология қишлоқ хўжалигида тупроқнинг ифлосланишининг олдини олиш, ҳосилдорликни ошириш ва сув ресурсларини тежашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Делегация мазкур инновацион ёндашувни Ўзбекистон шароитига татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклифини илгари сурди.
Учрашувда, шунингдек, пахта селексияси масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Янги навларни яратиш, иқлим ўзгаришига мослашувчан ва юқори ҳосилдор ўсимликларни танлаш, генетик ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича қўшма илмий изланишлар олиб бориш зарурлиги қайд этилди. Томонлар биргаликда лаборатория ишлари ташкил этиш, мутахассислар алмашинуви ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишиб олди.
Учрашув якунида икки томон ҳамкорликни кенгайтириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги технологияларни жорий этиш ва узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини йўлга қўйиш борасида келишувга эришди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе