Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Марказ директори ўринбосари Ойбек Омонов ҳамда Корея Республикасининг Wонкwанг Университй раҳбари Пак Сонг Те ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, Wонкwанг Университй Корея Республикасининг Иксан шаҳрида жойлашган бўлиб, қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва инновацион тадқиқотлар йўналишида илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган, халқаро ҳамкорлик тажрибасига эга нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
Самимий руҳда ўтган учрашувда томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Муҳокама якунида икки томонлама ҳамкорлик келишувига эришилди.
Шундан сўнг мулоқот Миллий марказ тизимидаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида давом этди. Институт директори Рустам Низомов меҳмонларга муассасанинг олдига қўйилган устувор вазифалар, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш ҳамда илмий-амалий фаолият йўналишлари хусусида атрофлича маълумот берди.
Ўз навбатида Пак Сонг Те бугун дунёда юз бераётган глобал иқлим ўзгаришлари шароитида турли ташқи таъсирларга бардошли экин навларини яратиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш давр талаби эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, мазкур йўналишда икки дўст давлатнинг аграр соҳадаги олимлари ва мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш мавжуд муаммоларга илмий асосланган ва самарали ечимлар топиш имконини беради.
Мулоқот якунида Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Корея Республикасининг Wонкwанг Университй ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу меморандумга мувофиқ, ўзбекистонлик соҳа мутахассисларининг Корея Республикасида малака ошириши, қўшма ўқув курслари ва илмий дастурларни амалга ошириш, шунингдек, тажриба алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.









