Аграр соҳадаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Айни пайтда амалий ташриф билан Қирғиз Республикасида бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев бошчилигидаги мамлакатимиз аграр соҳа мутасаддиларидан иборат делегация Қирғиз Республикаси Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Мирбек Дуйшеев бошчилигидаги расмийлар билан учрашув ўтказди.
ℹМузокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида шаклланган самарали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, уни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Хусусан, картошкачилик тармоғини ривожлантириш, юқори репродуксияли уруғлик материалларини етиштириш ва ўзаро етказиб бериш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, шоличилик соҳасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон селексиясига мансуб навларни Қирғиз Республикаси ҳудудларида синовдан ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда, шунингдек, "Дўстлик боғи" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, ҳудудни ободонлаштириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва мевали дарахт кўчатларини экишга тайёргарлик жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар аграр соҳадаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, масъул ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни изчил амалга ошириш бўйича келишдилар. Бу эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм