Агро_тавсия

Саримсоқпиёз экишга тайёрмисиз?
Сўнгги йилларда саримсоқпиёз даромадли экин турига айланиб бормоқда. Уни экиб етиштирган деҳқонлар баракали даромадга эга бўляпти. Ҳадемай саримсоқпиёз экиш мавсуми бошланади. Тадбирли деҳқонлар эса экишга аллақачон тайёргарликни бошлаб юбордилар. Қуйида сизларга Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари тайёрлаган тавсияни ҳавола қиламиз.
Экиш муддати ҳудудларга қараб фарқланади: шимолда август охири, марказда сентабр боши, жанубий ҳудудларда эса сентабр ўрталаригача экиш тавсия этилади. Майский Вир, Южно-Фиолетовой, Чидамли, Жануб, Сурхон воҳаси каби навлар яхши натижа беради.
Экиш учун соғлом, катта ва қуримаган тишлар танланади. Ҳар бир пиёз бош 7–12 тишдан иборат бўлиб, улар алоҳида экилади. Тишчалар 7–10 см оралиқда, 25 мм чуқурликда, 70 см эгатга уч қатор қилиб жойлаштирилади. Бир гектарга 1,0–1,5 тонна тишча сарфланади. Тупроқ намлиги дала нам сиғимининг 75–80% бўлиши зарур. Суғориш меъёри 500–600 м³/га, жанубда 7–9 марта, марказда 5–7 марта, шимолда 5–6 марта сув берилади. Ҳосилга 2–3 ҳафта қолганида суғориш бутунлай тўхтатилади.
Ўғитлашда ҳар гектарга 20–40 тонна чириган гўнг, 150–200 кг азот, 140–160 кг фосфор ва 60–70 кг калий берилади. Янги гўнг солиш мумкин эмас, у ҳосилнинг кечикишига ва сақланиш сифатининг пасайишига олиб келади. Фосфор ва калийнинг асосий қисми шудгорлаш остига, азот эса уч қисмга бўлиб берилади: экиш олдидан 30–40 кг, биринчи ўтокдан кейин ва 2–3 ҳафтадан сўнг. Қатор ораларини юмшатиш, чопиқ қилиш, бегона ўтларни йўқотиш, гулпояларни синдириш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва чиринди ёки плонка билан мулчлаш ҳосилдорликни оширади.
Ҳосил одатда май ойида сохта поя қурий бошлаганда йиғиб олинади. Ҳар 100 м² дан 2–3 ц ҳосил олинади. Пиёз бошларини яхши сақлаш учун +1...+3°С ҳароратда, ҳаво намлиги 60–70% бўлган хонада сақлаш тавсия этилади. Сақлашга ингичка бўйинчали, пўсти қуриган бошлар яроқли ҳисобланади.
Саримсоқпиёз озуқавий қиймати юқори бўлиб, унинг таркибида 64–66% сув, 6,7% оқсил, 26% қанд ва крахмал, 1,4% минерал моддалар ва 10–12 мг% витамин К мавжуд. Ундаги эфир мойлари унга ўзига хос таъм ва шифобахшлик беради.
Қисқа қилиб айтганда, саримсоқпиёзни ўз вақтида экиш, меъёрда суғориш ва тўғри ўғитлаш юқори ҳосил ва баракали даромаднинг гарови ҳисобланади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе