АГРО_ТАВСИЯ

ТУРПНИНГ ФОЙДАЛИ ХУСУСИЯТЛАРИ
Турп – инсон саломатлиги учун фойдали бўлган сабзавотлардан бири. Унинг илдизмеваси минерал моддаларга бой. Турп ўзининг таркибига кўра қиш фасли тугаб, баҳор бошланишида, халқимиз “илик узилди” деб атайдиган кунларда, организмда етишмаётган витаминлар ва минерал тузлар ўрнини тўлдиришда жуда фойдалидир. У микробларга қарши курашувчан кучли хусусиятга эга.
Юртимизда экиш учун турпнинг "Андижон–9", "Марғилон маҳаллийси", "Содиқ", "Куз ҳадяси" навлари, хорижий эса "Дайкон" ёки Япон турпи навлари тавсия этилади. Экиладиган турп уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун, зарарланмаган бўлиши зарур.
Турпни экишдан олдин майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Турп асосан ёзда экилади.
марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1-15 августда,
шимолий ҳудудларда 25-июл-10-август,
жанубий вилоятларда 20-август-20-сентабрда сочма ҳамда қатор қилиб экиш мумкин.
Ҳар 2 усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 50–60 гр турп уруғи сарф бўлади ва 1,5 см чуқурликда экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.
Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15–16 см чуқурликда юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини юмшатилиб борилади. Турп майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотих ерга тук ҳолда сулфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг/га меъёрда солинади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш
Турпга зараркунандалардан – узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан – ун-шудринг ва оқ чириш катта зарар етказади. Зараркунандаларига қарши 10 сотих экин майдонига Моспилан 20% 25–30 г меъёрда қўлланилади.
Турп экини совуққа чидамли бўлсада, илдизмеваси тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиниши керак. Ўртача 10–15 см катталикдаги турп мевасининг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 5–10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе