АГРО_ТАВСИЯ

НОКНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР
Нокнинг сақлашга чидамли навларини 4-5 ой, кузги навларини эса 1,5-2 ой сақласа бўлади. Нок олмага нисбатан тез уриниб қолади, шу сабабли уни узишда ва қутиларга жойлашда эҳтиёткорлик билан ишлаш талаб қилинади. Нок одатда пишиб етилиш олдидан узилиб, тоза ва қуруқ қутиларга жойлаштирилади.
Қутилар тагига қоғоз ёйиб қўйилади, қоғознинг иккинчи учи нокнинг устига ёпилади. Қоғоз устига қиринди сепилади ёки картон ёпилади. Нокни шахмат усулида жойлаштириб қатор орасига қиринди сепиш ҳам мумкин.
Газ муҳити бошқарилиб туриладиган омборларда нок 300-350 кг ли контейнерларда сақланади. Нокни сақлашда ҳарорат 1-2°С гача бўлиши мақбул ҳисобланади. Кўпинча бу ҳароратда ўта кечпишар навлардан терилган мевалар жуда секин етилади ва сақлаш муддатининг охиригача рангини йўқотмай, қаттиқ ҳолда бўлади.
Бундай нокларни савдога жўнатишдан аввал 4-7 кун давомида 15-20°Сда сақлаб етилтириш лозим. Омборда ҳавонинг нисбий намлиги 85-90% бўлиши керак. Омборда ҳаво ҳароратининг тез-тез ўзгариб туришига йўл қўймаслик лозим, акс ҳолда мевалар тез етилиб қолиши мумкин, бундай нокни узоқ вақт сақлаб бўлмайди.
Нокни бошқариладиган газ муҳитида узоқ вақт сақлаш мумкин. Бунда кислороднинг миқдори навлар бўйича 2-3%, карбонат ангидриднинг миқдори 1-5% гача бўлиши уларнинг сифатли сақланишини таъминлайди.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе