Агро_тавсия

ЧИЛЛАДА ҒЎЗА ПАРВАРИШИНИ МАСъУЛИЯТ БИЛАН ЎТКАЗАЙЛИК
Жорий йил ғўза парваришида ёзнинг чилласида бажариладиган ишларни ўз вақтида ўтказиш, ҳосилнинг эртаги ва сифатининг юқори бўлишини таъминлайди. Бунда ғўзани суғориш ва чилпиш ишларига жиддий эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.
Ғўза парваришида суғориш асосий агротадбирлардан ҳисобланади. Ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ва мўл ҳосил тўплаши суғориш муддати ва меъёрлари тўғри белгиланишига боғлиқ.
Ғўзанинг ҳолати, тупроқнинг механик таркиби ва гидромодул ҳудудларни ҳисобга олиб, суғориш муддати, меъёри ва сони қуйидагича белгиланади: сизот сувлари сатҳи 3 метрдан чуқур жойлашган ерларда ғўзанинг гуллаш ва ҳосил тугиш даврида суғориш меъёри енгил таркибли тупроқларда гектарига 800-900 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 900-1000 м3 ни ташкил этиши лозим. Сизот сувлари яқин ерларда суғоришларда қатор оралатиб, кам-кам меъёрда қўйиш ва эгатларни алмаштириш, яъни иккинчи суғоришда сув берилмаган эгатлардан сувни таралиши тўлиқ таъминланиши керак.
⌛Ғўзанинг гуллаш даврида суғориш давомийлиги механик таркиби енгил тупроқларда 14-16, ўрта ва оғир тупроқларда 16-18, ялпи гуллаш ва ҳосил тугиш даврида эса мос равишда 16-18 ва 18-20 соатдан ошмаслиги керак. Шарбат усулида суғориш сувдан самарали фойдаланиш ва ғўзанинг минерал озиқани тўлиқ ўзлаштиришида муҳим ўринга эга. Бунда гўнг озиқа бўлиш билан бирга, мулча вазифасини бажариб, сувнинг ортиқча буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни яхши сақлайди. Режалаштирилган меъёрдаги сув берилгандан сўнг суғориш тўхтатилади. Ғўза қатор оралари 60 см бўлган майдонларда суғоришни эгат оралатиб (бир эгат ташлаб) ўтказиш 15-20 фоизгача сувни тежаш имконини беради.
Ҳар суғоришдан кейин ғўза қатор ораси тупроқ етилиши билан, кесак ҳосил қилинмай майин култивация қилиниши керак. Бунда, “боранка” усулидан кенг фойдаланиш яхши самара беради.
‼Сувдан сувгача ғўза қатор орасига 2 марта ишлов берилади, иккинчи ишловда суғориш учун жўяк олинади. Суғоришдан сўнг тупроққа чуқур ишлов бериш шарт эмас. Асосан боранка ёки кўп миқдорда ККО ўрнатилиб 10-12 см чуқурликда тупроқни юмшатиш, ортиқча нам буғланишининг олдини олади ва тупроқда намлик яхши сақланади.
Бу эса суғоришлар орасидаги муддатни 4-5 кунга узайтиришга ва ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосил тўплашига зарар етказмаган ҳолда мавсум давомида бир маротаба суғориш сувини тежашга имкон беради. Сувдан фойдаланиш самарадорлиги 15-20 фоизга ва пахта ҳосили 3-4 с/га ошади.
Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70-75 кг азотни ва 40-50 кг соф ҳолда фосфорни ташкил қилади. Ғўзани гуллаш даврларида гектарига 500-700 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини гектаридан 2,0 сентнерга оширади. Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг тўғри келиши керак, яъни 5-10 июлдан кечиктирилса пахтани пишишини кечиктиришга олиб келади.
Ғўза вегетацияси даврида стимуляторлар билан ишлов бериш ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишини жадаллаштиради, касаллик ва зараркунандаларга бардошлигини оширади, минерал ўғитлардан самарали фойдаланилади, ҳосилдорлик 10-15% ортади, тола ва чигир сифати яхшиланади. Ғўзанинг гуллаш даврида Узгуми 0,4 л/га, Фитовак 400 мл/га, Байкал ЭМ1 3,5 л/га, Мерс 0,5 л/га меъёрларда сепилади.
Фермерларимиз юқоридаги тавсияларга амал қилишса, ғўза ҳосили мўл, сифати юқори бўлиши билан бирга, йиғим теримни қисқа муддатда ўтказиш, пахта хом-ашёсини юқори навларга сотиш ва иқтисодий самарадорликнинг ортишига эришадилар.
Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан тайёрланди.