АГРО_ТАВСИЯ

ҒЎЗАНИ ЧИЛПИШДА МУҲИМ АГРОТЕХНИК ТАДБИР
Ғўзани чилпиш муҳим ишлардан саналади. Чилпишни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали, ғўзанинг ўсиши - ривожланиши жадаллашади, ҳосил элементлари тўкилиши камаяди, гул ва кўсаклар сони ошади, ғўза зараркунандаларнинг салбий таъсири камаяди, кўсакларнинг пишиши 5-10 кунга тезлашади, ҳосилдорлик гектаридан 3-4 сентнердан ҳаттоки 6-8 сентнергача ортади.
Чилпиш қўлда, механизм ёрдамида ва Сожеан, Энтожеан, Далпикс каби препаратлар билан ишлов берилиб амалга оширилади.
Ғўзани чилпишда кўсаклар пайдо бўлиши ва тўлиқ етилиши тезлашади, эртаги, мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштириш имконини беради, кўсак қуртининг зарарини камайтириб, дефолиация самарадорлигини оширади.
⌛Фермерлар унитмаслиги керак, ғўзани ўз муддатида сифатли чилпиш ҳосил салмоғининг ортиши, сифатининг яхшиланиши, эрта етилишига олиб келади. Аксинча, унинг кечиктирилиши ва сифациз ўтказилиши оқибатида пояси кучли ўсиб ғовлаб кетади, пахта ҳосили 15-20 фоиз камайиб, пишиб етилиши 7-10 кунга кечикиб, кўсаклари кичрайиб, вазни камайиб, ғўза сербарг бўлиб, кўсаклар қобиғи қалинлашиб, ҳашоратларни ўзига кўпроқ жалб этади.
Ғўза навлари хусусиятларига қараб унумдор тупроқларда 13-14, ўртача унумли тупроқларда 12-13 ва унумдорлиги паст ерларда 11-12 ҳосил шохи тўпланганда чилпиш ўтказиш тавсия этилади. Қўшқатор экилган ерларда бу тадбир 10-11 шох ҳосил бўлганда ўтказилади.
Чилпиш қўлда ўтказилса, ғўза бош поясининг энг учки 1-2 см қисми (бироз оқиш рангли бўлади) юлиб(чимдиб) олинади. Агар шундай қилмай поянинг уч қисми чуқур 5-10 см юлиб олинса, ғўзага салбий таъсир этиб, бир-икки дона шона ва гул ҳам юлиб ташланади. Бу эса тўлиқ пишиб етилиши мумкин бўлган 3-5 с/га ҳосилнинг бой берилиши демакдир. Шу сабабли фермерлар ва мутахассислар чилпиш бошлашдан олдин ишчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши ва чилпиш жараёнини жиддий назорат қилишлари лозим.
Механик усулда чилпиш ғўзанинг юқори қисмини махсус мосламани култиватор олдига ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.
Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши учун ҳар тарафлама самарали ва қулайдир. Бунда “Сожеан”, “Энтожеан”, “Далпикс” препаратлари суғоришдан 5-7 кун аввал ёки 5-7 кун кейин ОВХ ва бошқа пуркагич мосламаларда 250-300 л/га сувга аралаштирилиб сепилади. Шунда дорилар ғўзанинг барги орқали яхши сингиб, танаси бўйича бир хил тарқалади ва ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади, натижада ғўза бўйига ва ёнига ўсишдан тўхтайди, барглари тўқ яшил рангга киради, ўсимликнинг ривожланиши ва ҳосил тўплаши жадаллашиб, тупи ихчам арчасимон бўлиб, қаторлар орасида ҳаво алмашинуви ва микроиқлим яхшиланади, ғўзанинг тепа қисмида 3-4 дона бўлиқ кўсак пайдо бўлади. Энг асосийси пишиб етилиши 7-8 кунга тезлашади, биринчи терим салмоғи 6-7 сентнерга, умумий ҳосил 3-8 с/га ва ундан ҳам ортиб, пахтани қисқа муддатларда юқори навларда йиғиштириб олишга имконият яратилади.
Кимёвий усулда чилпишда аввал тракторнинг сув бакига ярмигача тоза сув тўлдирилади, сўнгра белгиланган препарат меъёри иккала бакка бир хил миқдорда бўлиб-бўлиб солинади ва унинг устидан сув қуйилиб охиригача тўлдирилади. Тракторнинг махсус аралаштиргичи ёки қўлда бирор мослама билан яхшилаб аралаштирилади, шундан сўнг далага сепишга рухсат берилади. Республикамиз вилоятларида ғўзанинг ривожланиши ҳолатига қараб, “Сожеан” ва “Энтожеан” препаратлари гектарига 90-100 г, Далпикс 1,5-2,0 л миқдорда қўлланилиши тавсия этилади.
Агар “Сожеан” ва “Энтожеан” препаратлари ғўзанинг ёшлик даврларида шоналаш даврининг бошида бўйи 20-25 см бўлганда 15 г/га, гуллаш бошланганда (ғўза бўйи 55-60 см) 45 г/га сепилган бўлса, чилпиш даврида 90 г/га сепиш етарлидир. Лекин олдин ушбу препаратлар қўлланилмаган далалардаги ғўзаларга 100-105 г/га қўллаш керак бўлади.