Агротавсия

Тез кунларда ғўзани дефолиация қиламиз
Ғўзани дефолиация қилиш (баргсизлантириш) мўл ва сифатли пахта ҳосилини етиштиришдаги муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Ғўза дефолиацияси муҳим агротадбирлардан биридир. Бу тадбирни амалга ошириш эвазига қисқа алмашлаб экиш тизимида ғўзадан сўнг бошоқли экинларни ўз вақтида сифатли қилиб экиб олиш имконияти яратилади. Дефолиация тадбири сифатли ва тўғри ўтказилганда баргларнинг тўкилиши таъминланибгина қолмасдан, ғўзадаги бўлиқ кўсаклар 10-15 кун эрта пишиб етилади, 1-терим салмоғи 15-20% га ошиб, юқори сифатли хом-ашё ҳажми кўпаяди. Шунинг билан биргаликда дефолиант ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса қора шира тушган майдонларга самарали таъсир этади. Мазкур агротадбир қора ширани келтириб чиқарувчи ғўза битларига барҳам бериб, кўсак ва толанинг чиришини камайтиради.
Дефолиацияни муддатида ва сифатли ўтказилиши пахта териш машиналарининг самарали ишлашини ва қўл теримида иш унумини 15-20 фоизга ошишини таъминлайди, кузги бошоқли дон экинларини сифатли экиб, эрта ундириб олишга қулай шароит яратади. Аксинча, дефолиация сифациз ўтказилган ёки умуман ўтказилмаган ғўза қатор орасига экилган кузги буғдой тўлиқ униб чиқмайди. Чунки, тупроққа қуёш нурларининг етарли тушмаслиги натижасида майсалар нимжон, сарғимтир рангда бўлиб, ўз муддатида тупламайди, касалликка тез чалинади, бинобарин даладан тўлиқ кўчат олиш имконияти бой берилади.
Таъкидлаш керакки, турли табиий ва антропоген омиллар таъсирида кўсаклар очилиши кечикаётган, кўчат сийрак бўлиб кўпроқ кўсак ҳосил қилган майдонларда кўсакларни пишиб етилишини тезлаштирувчи ЭТЕФОН препаратларини кўсаклар 25-30% очилган даврда қўллаш тавсия этилади. Шу билан бирга ҳаво ҳароратининг пасайиб, дефолиация кечикаётган майдонларда десикация ўтказиш тавсия этилади. Дефолиантлар қаттиқ таъсир этувчи ҳамда юмшоқ таъсир этувчи бўлиб иккига бўлинади. Қаттиқ таъсир этувчи дефолиантларга асосан хлорат магний, хлорат натрий асосида ишлаб чиқилган дефолиантлар (ХМД 60%, суюқ хлоратмагний 43%, ЎзДЕФ, Самара, Супер ХМД-с ва б.) киради. Бу дефолиантлар таъсирида барглар қуриган қовжираган ҳолда тушади.
Юмшоқ таъсир этувчи дефолиантларга Тидиазурон+диурон таркиби асосида ишлаб чиқилган дефолиантлар (Авгурон-Экстра, Д.-Экстра, Дефон, Хим-Экстра ва б.) киради. Бу дефолиантлар ғўзага юмшоқ таъсир этиб, барглар яшиллигича тўкилади. Кичик кўсаклар ҳам пишиб етилади. Натижада қўшимча ҳосил олинади ва терилган пахтани ифлослантирмасликка эришилади.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе