Айни пайтда Андижон вилояти Балиқчи туманида жойлашган “Балиқчилик Абдушукур ерлари” уруғчилик фермер хўжалигида ғўза уруғликлари экинларини апробациядан ўтказиш жараёнига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Андижон вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда вилоятдаги илғор уруғчилик хўжаликлари вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Семинарда ғўза навларининг биологик софлиги, навга хос белгиларининг сақланиши, фенологик ривожланиш босқичлари ва агротехник ҳолати юзасидан амалий тушунтиришлар берилмоқда. Мутахассислар томонидан далада олиб борилаётган апробация ишлари намойиш этилмоқда. Иштирокчилар ер майдонларини кўздан кечириб, реал кузатувлар, ёзувлар ва баҳолаш мезонлари билан бевосита танишмоқда.
Ушбу семинар вилоятда сифатли уруғлик ишлаб чиқариш, навларнинг соф ҳолатда сақланишини таъминлаш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Тадбир доирасида қатнашчиларга методик материаллар ва соҳага оид амалий тавсиялар тақдим этилмоқда.



