Айни кунларда кузатилаётган аномал иссиқ ўсимликларда сув танқислиги, транспирациянинг кучайиши, фотосинтезнинг пасайиши, барг ва меваларнинг куйиши ҳамда ёш ўсимликларнинг нобуд бўлиш хавфини оширмоқда. Бу ҳолат, айниқса, дала генбанкларида сақланаётган ноёб навлар, маҳаллий шакллар, ёввойи қариндош турлар ва вегетатив кўпайтириладиган генотиплар учун жиддий хавф туғдиради.
ФАО генбанк стандартларига кўра, аномал иссиқ даврида қуйидаги чоралар устувор ҳисобланади:
суғоришни эрталаб ёки кечқурун, томчилатиб ёки локал усулда ташкил этиш;
тупроқ намлигини мулчалаш орқали сақлаш ва бегона ўтларни назорат қилиш;
ёш, интродуксия қилинган ва иссиққа сезгир генотипларни вақтинча соялаш;
ҳар бир намуна ҳолатини алоҳида кузатиш, дала харитаси ва аккессион рақамларини сақлаш;
касаллик ва зараркунандаларга қарши фитосанитар назоратни кучайтириш;
кучсиз ўсимликларда ортиқча мева юкламасини камайтириш, бироқ кескин кесишлардан сақланиш;
фавқулодда иссиқ ва қурғоқчилик учун ёзма ҳаракат режасини ишлаб чиқиш;
қимматли генотипларнинг хавфсизлик дубликатларини бошқа ҳудуд, ин витро ёки криосақлаш шароитида яратиш.
Аномал иссиқ даврида кўриладиган чоралар нафақат ўсимликни сақлаб қолиш, балки унинг ҳаётчанлиги, генетик яхлитлиги ва нав софлигини келажак авлодлар учун таъминлашга хизмат қилади.
Ҳар бир ноёб генотип — келажакда қурғоқчилик, иссиқлик ва касалликларга чидамли янги навлар яратиш учун бебаҳо манбадир.
Генетик хилма-хилликни бугун асраш — эртанги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир.



