Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов ҳамда Корея Республикаси делегацияси вакили Ким Жу Ёнг иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–321-сон қарори доирасида амалга оширилаётган “Ақлли қишлоқ хўжалиги саноат технологиялари инновацион маркази” лойиҳасининг якуний босқичдаги вазифалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида сўнгги беш йил давомида марказ инфратузилмасини яратиш, уни замонавий илмий ва технологик ускуналар билан жиҳозлаш, мутахассисларни тайёрлаш ҳамда смарт-фермерлик технологияларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар, ақлли иссиқхоналар, замонавий лабораториялар ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш учун зарур база шакллантирилди.
Учрашувда эндиликдаги асосий вазифа марказни расман қабул қилиб олиш, унинг барқарор фаолияти учун зарур ташкилий масалаларни ҳал этиш ва тўлиқ ишга тушириш экани қайд этилди. Шу муносабат билан ускуналардан фойдаланиш учун масъул мутахассисларни белгилаш, кадрларни қўшимча ўқитиш ҳамда марказнинг келгуси фаолиятини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, марказ ҳудудида Корея томонидан барпо этилган ақлли иссиқхоналардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Кореялик ҳамкорлар ушбу иссиқхоналарда илмий-амалий тажрибаларни йўлга қўйиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш мақсадида 30 минг туп қулупнай кўчатларини тақдим этишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Жорий йилнинг август–сентябр ойларида кореялик мутахассислар иштирокида қўшимча ўқув-семинарлар ташкил этилиши ҳам билдирилди. Уларда замонавий ускуналардан фойдаланиш, лаборатория маълумотларини таҳлил қилиш ҳамда смарт-фермерлик технологияларини амалиётга татбиқ этиш бўйича тажриба алмашилади.
Учрашув давомида лойиҳанинг кейинги ривожланиш йўналишларини белгиловчи режа ҳам муҳокама қилинди. Томонлар марказ фаолиятини самарали ташкил этиш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг тўртинчи чорагида “Ақлли қишлоқ хўжалиги саноат технологиялари инновацион маркази”ни тантанали равишда ишга тушириш режалаштирилган.



