Австралиянинг пахта уруғчилигидаги етакчи компаниясига ташриф
23.02.202524 кўришлар
Австралиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим ўрин тутадиган Коттон Сеед Дистрибуторс Лимитед (КСД) компанияси пахта уруғчилиги бўйича дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланади. 1967-йилда ташкил этилган КСД пахта етиштиришнинг ҳар бир босқичида фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган инновасион ечимлар ва юқори сифатли уруғларни тақдим этиб келмоқда.
КСДнинг асосий мақсади – пахта етиштирувчиларни юқори ҳосилдорликка эришиш учун генетик жиҳатдан такомиллаштирилган ва касалликларга чидамли уруғлар билан таъминлаш. Шунингдек, компания фермерлар учун замонавий агротехника ечимлари ва маслаҳатлар бериб, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Бугунги кунда Коттон Сеед Дистрибуторс Лимитед фаолияти нафақат Австралияда, балки дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда. Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов раҳбарлигидаги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Президент ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши вакилларидан иборат делегация аъзолари ҳам Австралияга амалга ошираётган хизмат сафари доирасида ушбу компанияга ташриф буюрди. Ташриф давомида делегация компаниянинг замонавий ускуналар билан жиҳозланган тадқиқот маркази, уруғларни тозалаш жараёнлари ҳамда ҳосилдорликни ошириш бўйича амалга оширилаётган илмий ишлари билан яқиндан танишди. Ўзбекистон делегацияси КСД фаолиятини юқори баҳолаб, ушбу моделни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини ўрганишга катта қизиқиш билдирди.
КСД Австралия пахта саноатини асосий қўллаб-қувватловчи ташкилот ҳисобланади. Компаниянинг юқори сифатли уруғлари мамлакатда пахта етиштириш ҳажмини сезиларли даражада оширган ва фермерларга барқарор даромад манбаини тақдим этишга ёрдам берган. Шунингдек, КСДнинг инновацион ёндашувлари халқаро бозорда Австралия пахтасининг обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Коттон Сеед Дистрибуторс Лимитед нафақат пахта уруғлари, балки билим, инновация ва барқарорлик бўйича ҳам етакчи ҳисобланади. Унинг фаолияти нафақат Австралия фермерлари учун, балки бутун дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор ечимлар яратишга қаратилган. Ўзбекистон делегациясининг ташрифи эса, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун янги йўл очиши мумкинлигидан дарак беради.