Айни дамда Тошкент давлат аграр университетида шоличиликка ихтисослашган Тошкент вилояти фермерлари учун 36 соатлик ўқув машғулотлари бошланди

Мазкур ўқув дастури қишлоқ хўжалигида замонавий ва самарали ёндашувларни жорий этиш, айниқса, шоличилик тармоғида юқори ҳосилдорликка эришиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни мақсад қилади. Машғулотларда соҳанинг етук мутахассислари ва тажрибали олимлар томонидан долзарб мавзуларда маърузалар тақдим этилмоқда.
Жумладан, ўқув жараёнида сув тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш, дунё тажрибаси асосида шоли етиштиришнинг илғор усуллари, замонавий агротехник тадбирлар, шунингдек, шоли экинларида учрайдиган зараркунанда ва касалликларга қарши самарали кураш чораларига оид батафсил маълумотлар берилмоқда.
Тингловчилар назарий билимлар билан бир қаторда амалий тавсияларга ҳам эга бўлиб, уларни ўз хўжаликларида қўллаш имкониятига эга бўладилар. Ушбу ўқув машғулотлари шоличилик соҳасида рақобатбардош ва барқарор ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилиши режалаштирилган.
Wеб | Телеграм | Факебоок | Инстаграм