Айни дақиқаларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институтида “Осиё шоли тадқиқотлари бўйича ҳамкорлик кенгаши (КОРРА)”нинг…

29-ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Мазкур нуфузли анжуман Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил этилмоқда. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузуҳуров кириш сўзи билан очиб берди.
У ўз сўзида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини, хусусан, шоличилик тармоғини модернизация қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, КОРРА мажлисининг мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг Осиё минтақасидаги илмий ҳамкорликдаги фаоллигини ва шоличилик соҳасидаги салоҳиятини эътироф этувчи муҳим воқеа эканлигини таъкидлади.
Мажлисда Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти (ИРРИ) бош директори Йвонне Пинто хоним, шунингдек, 15 дан ортиқ шоли етиштирувчи мамлакатларнинг етук мутахассислари, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлис доирасида Осиёда ва ундан ташқарида шоличилик тармоғининг келажаги ва ривожлантириш йўналишлари, барқарор деҳқончиликдаги инновациялар, кам углеродли гуруч ишлаб чиқариш, зараркунандаларга қарши кураш, ҳамда салоҳиятни ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистоннинг шоличилик соҳасидаги ютуқлари, илмий-инновацион ишланмалари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилмоқда.
Мазкур учрашув минтақавий илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ечимлар алмашинуви ва барқарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе