Азиз юртдошлар, аграр соҳа илм-фанининг фидойилари ва бободеҳқонлар!

Қуёш ҳамал буржига кираётган айни кезларда жонажон юртимизга Наврўзи олам кириб келмоқда. Наврўз – бу янги кун демак! Бу кунни халқимиз қадим замонлардан буён яшариш, янгиланиш, меҳр-мурувват байрами сифатида нишонлайди.
Ушбу қутлуғ кунда нуроний онахонларимиз бошчилигида сумалак қайнаётган дошқозонлар атрофида, халқ сайилларида бўлиб ўтадиган курашчи полвонларимизнинг беллашувларида қилинган дуолар доим ижобат бўлган. Янги куннинг хайр-у барокати эса қиши бўйи хамирдек кўпчиб етилган тупроққа бободеҳқон қадаган барака уруғидадир.
Шу кунларда кўкдан тушаётган обираҳмат томчилари-ю қуёшнинг заррин нурлари тафтида яшилликка бурканаётган кенгликлар, ҳар бир новдасида ғунчалари бодраб гуллаётган ўрикзор боғларнинг таровати бу йилги деҳқончиликни янада баракали бўлишидан дарак бераётгандек, гўё. Яратган янги деҳқончилик йилини барокатли қилсин, нурини, дурини аямасин, илоҳим!
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз бободеҳқонларимиз, миришкорларимиз ва аграр соҳа илм-фанининг фидойиси бўлган олимларимизни гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўз билан самимий табриклайман. Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, эл-у юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахт-у саодат олиб келсин!
Шуҳрат Отажонов
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори