Биочар”, “Бокаши” ва “Живамрит” — Жиззахда янги авлод деҳқончилик усуллари татбиқ этилмоқда

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов амалий ташриф билан Жиззах вилоятига борди. Ташриф доирасида вазир Пахтакор туманидаги “Жамшид Хуршид” фермер хўжалиги даласида бўлиб, экологик тоза ўғитлаш технологияларига бағишланган “Биочар”, “Бокаши” ва “Живамрит” мавзусида ўтказилган назарий ва амалий семинарда бевосита иштирок этди.
Семинарда фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластерлар вакиллари, агрономлар, олимлар ҳамда соҳа мутасаддилари қатнашдилар.
Семинарнинг назарий қисмида Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ИКАК) техник директори, доктор Кешав Кранти “Биочар”, “Бокаши” ва “Живамрит” технологияларининг илмий асослари, самарали қўллаш йўллари ҳамда агроекотизим барқарорлигидаги ўрни ҳақида маъруза қилди.
У ўз чиқишида бу технологиялар тупроқдаги биологик ҳаётни тиклаш, сувдан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва барқарор деҳқончиликни шакллантириш имконини беришини таъкидлади.
Амалий қисмда иштирокчиларга “Биочар”, “Бокаши” ва “Живамрит” тайёрлаш, компостлаш ва далада қўллаш жараёнлари босқичма-босқич намойиш этилди.
— Биочар — ёғоч қолдиқлари, похол, сомон каби табиий чиқиндилардан олинадиган, тупроқнинг нам сақлаш ва ҳаводорлик хусусиятини яхшиловчи модда.
— Бокаши — органик чиқиндиларни фойдали микроорганизмлар ёрдамида ферментация қилиш орқали олинадиган, ўсимликка тез сўрилувчи ўғит.
— Живамрит — сигир гўнги, сийдиги, гуруч уни, шакарқамиш шарбати ва тупроқ бактерияларидан тайёрланадиган, тупроқдаги микрофлорани фаоллаштирувчи биологик ўғит.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу технологияларни биргаликда қўллаш натижасида тупроқ унумдорлигини 2–3 баробарга ошириш, минерал ўғитларга эҳтиёжни камайтириш ва экологик тоза ҳосил етиштириш мумкин.
Вазир ўз навбатида, экологик технологияларни амалиётда кенг жорий этиш зарурлигини, бу эса иқтисодий самарадорлик, тупроқ саломатлиги ва экологик мувозанатни сақлаш учун муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Зеро, бугунги кунда тупроқ унумдорлигини асраш ва ҳосилдорликни ошириш — бу барқарор деҳқончиликнинг энг муҳим тамойилларидан биридир.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм