Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Бизда пахта тўла пишадими ўзи?

Бизда пахта тўла пишадими ўзи?

Ўзбекистон пахта етиштирувчилар ичида энг шимолда жойлашган мамлакат бўлиб, бизда ғўзанинг барқарор ўсиб, тўлиқ ҳосил бериши анча мураккаб. Аслида, табиий вегетация даври 170–250 кунгача чўзиладиган ғўза Америка, Африка ёки Австралия минтақаларидаги пахта етиштирувчи мамлакатларда узоқ иссиқ мавсум ҳисобига тўла пишиб етилиш имкониятига эга бўлса, аксинча, Ўзбекистон шароитида, гарчи қуёш, иссиқлик, сув, деҳқончилик тажрибаси ва парвариш маданияти етарли бўлса-да, ғўзанинг табиий жиҳатдан “тўла” пишиб етилиши ҳар доим ҳам осон кечмайди. Вегетация имконияти амалда 120–130 кун атрофида бўладиган юртимизда қишнинг совуқ кунлари одатда октабр охири — ноябр бошидан сезила бошласа ҳам, август–сентабр ойларида, ҳатто октабр бошида ҳам ғўза ўсишга, шохлашга, барг чиқаришга, гуллашга ва янги кўсак боғлашга интилаверади.
Албатта, шу ўринда ўзбек селексионерларининг охирги юз йилликдаги энг катта тарихий ютуғини алоҳида эътироф этиш керак: улар ғўзанинг табиатан узоқ вегетацияга мойил навларини Ўзбекистоннинг 110–130 кунлик қисқа мавсумида пишиб етила оладиган маданий навларга айлантиришга улкан ҳисса қўшди. Бу мамлакат пахтачилиги, миллий селексия мактаби ва илм-фанимизнинг катта муваффақияти. Бироқ ўтган йиллардаги тажриба кўрсатмоқдаки, эртапишар навнинг ўзи ҳам тўлиқ ечим бўла олмайди.
Шунинг учун Ўзбекистонда яратилган ғўза навлари эртапишар бўлса-да, “ғўза яхши ривожланаяптими?” деган савол билан бирга, “ғўза ўз вақтида пишадими?”, “кўсак очилармикан?”, “пахта тош босармикан?”, “фермернинг бутун мавсум давомида қилган меҳнати ҳақиқий териб олинадиган ҳосилга айланармикан ёки бир қисми очилмаган кўсаклар кўринишида далада қолиб кетармикан?”, деган саволлар бугун жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пахтада ҳақиқий ҳосил кўз билан санаб қўйилган яшил кўсак эмас. Ҳақиқий ҳосил пишган, очилган, толаси шаклланган, чигити тўлган, вазни оғир ва териб олинган лўппи пахтадир. Далада кўп кўсак туриши барчамизнинг кўзимизни қувонтиради, албатта, лекин агар ўша кўсаклар куз совуғи киргунча очилмаса, тола пишиб етилмаса, у терим саватига тушмаса, чамаланган ҳосил амалда фермер даромадига айланмайди.
Ғўза қисқа мавсумли, тез пишиб берадиган оддий бир йиллик ўсимлик эмас. Унинг табиий келиб чиқишида кўп йиллик, дарахцимон-бутасимон хусусият бор. Шароит бўлса, ғўза ўсишда давом этади, яна шохлайди, яна барг чиқаради, яна гуллайди, яна янги кўсак тугаверади. Бу тирикликнинг мақсади ва қонуниятидир. Бироқ биз деҳқончиликда табиатнинг мана шу қонуниятларини бошқармасак, ўсимликни ўз вақтида ҳосил беришга йўналтирмасак, айниқса, Ўзбекистон каби қисқа мавсумли минтақада ғўза ўзининг узоқ ўсишга мойил табиати билан биз кутган ҳосилни беришга улгурмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Ғўзанинг “мероси” далада қолмасин ёхуд пахтани фақат ўстириш эмас, вақтида пишириш ҳам керак” сарлавҳали мақоласидан.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.