Миллий марказ тизимидаги академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига Озарбайжон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мевачилик ва чойчилик илмий-тадқиқот институти директори Илҳом Карагурбанли бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Озарбайжон Республикасининг Мевачилик ва чойчилик илмий-тадқиқот институти академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланиб, 2024-йилда икки томонлама ҳамкорлик меморандуми ва шартномаси асосида беғараз тарзда олиб келинган фундук кўчатлари негизида 1,5 гектар майдонда тажриба сифатида фундук плантацияси ташкил этилди.
Ташриф давомида озарбайжонлик ҳамкорлар институт фаолияти билан танишиб, Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида фундук плантациясининг ўсиши ва ривожланиши жараёнини кўздан кечирдилар ҳамда фундукни етиштириш ва парваришлаш бўйича агротекник тавсиялар бердилар.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида истиқболда амалга ошириладиган илмий-амалий лойиҳалар муҳокама қилиниб, уларнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифалари белгилаб олинди.



