БОҒДОРЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКЛАР РЕАЛ НАТИЖАЛАРГА АЙЛАНМОҚДА

Миллий марказда ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун семинарлар ўтказиш анъанага айланганини бизни доимий кузатувчиларимиз яхши билади. Шундай семинарлардан бири Миллий марказ ва тизим ташкилотларимиздан хорижий сафар ва стажировкага юборилган ходимларнинг ўзлаштирган тажрибалари билан ўртоқлашиши барчага бирдек манфаатли бўлмоқда.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти раҳбари ва ходимлари ўтган 9 ойда хорижга амалга оширган сафарлари ҳақида тақдимот қилди. Институт директори Алижон Эсанқулов Беларус, Туркия ва Озарбайжон Республикаларига қилган ташрифи ва эришилган келишувлар ҳар икки мамлакатлар учун манфаатли бўлганини таъкидлаб ўтди. Дастлаб, Беларус Республикасининг "Ягодка" фермер хўжалигига бориб, 35000 дона голубика кўчатларини мамлакатимизга олиб келишга эришган. Келгусида юртимизда голубика плантациялари ташкил этиш кўзда тутилганини маълум қилди. Шунингдек, Туркиянинг "Бадемли" компанияси билан анжир, фундук ва бодом кўчатларини Ўзбекистонга олиб келиш ва икки томонлама илмий-тадқиқотларни олиб бориш бўйича шартнома имзолашга эришилган. Озарбайжон Республикасининг Чойчилик ва мевачилик илмий-тадқиқот институти билан фундук селексияси бўйича илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзолангани ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олингани ҳақида таъкидлаб ўтди.
Институт ходимлари Шуҳрат Аҳмедов Тожикистон Республикасига ва Абдураҳмон Аллаёров Италия Республикасига амалга оширган сафарлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.
Тожикистоннинг Суғд вилоятида Ўзбекистон Агрохизматлар маркази филиали очилиш маросимида иштирок этган олим Шуҳрат Аҳмедов суғдлик фермер ва деҳқонларга боғдорчиликка оид муҳим тавсиялар бериб, Ўзбекистоннинг боғдорчилик соҳасидаги янгиликлари билан мезбонларни таништирган.
Абдураҳмон Аллаёров эса Италия Республикасига ЭУ-АГРИН лойиҳаси доирасида 1 ҳафталик малака ошириш тадбирларида қатнашиб келди. Унда Италиянинг Лоди шаҳридаги ўсимликларни ҳимоя қилиш ва озиқ овқат маҳсулотларини текширувдан ўтказувчи махсус лабораториялар катта қизиқиш уйғотганини сўзлаб берди. Энг аҳамиятлиси бу лабораториядаги жиҳозларнинг барчаси Ўзбекистонда ҳам мавжуд дея таъкидлади. Шунингдек, улар Италиянинг Асти шаҳрида жойлашган Европанинг нуфузли виночилик ва узумчилик ташкилоти КРЕА фаолияти билан ҳам танишганлиги, винога ишлов беришда янгича методлар қўлланилаётгани ҳақида маълумот берди.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе