Бошоқли дон экинлари парваришига бағишланган семинар ўтказилди

Сўнгги кунларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли бошқармалари масъуллари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари олимларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларда бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича семинарлар ташкил этмоқда. Ушбу семинарларнинг асосий мақсади – ғалла етиштиришнинг замонавий агротехник тадбирларини фермер ва кластер вакилларига етказиш, ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий тавсиялар беришдан иборат.
Навбатдаги ана шундай семинар Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида бўлиб ўтди. Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг соҳага масъул ходимлари, олимлар, Амударё тумани ҳокими Собиржон Хўжаметов, шунингдек, туманда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва кластерлар вакиллари иштирок этди.
Семинар аввалида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бўлими бошлиғи Абдулла Мансуров сўзга чиқиб, ҳозирги кунда ғалла парваришида долзарб бўлган вазифалар, ҳосилдорликни ошириш йўллари ва фермерлар дуч келаётган муаммолар хусусида батафсил маълумот берди.
Илмий тақдимотлар ва агротехник тавсиялар
Шундан сўнг, Миллий марказ бўлим бошлиғи Ўлмасбой Собитов томонидан “Ҳудудларда экилган кузги буғдой навларидан келиб чиқиб, юқори ҳосил етиштиришда қўлланиладиган замонавий агротехник тадбирлар” мавзусида тақдимот ўтказилди. У ўз чиқишида тупроқ унумдорлигини ошириш, ўғитлаш тизимини тўғри ташкил этиш ва агротехник тадбирларни самарали амалга ошириш борасида илмий асосланган тавсияларни тақдим этди.
Шунингдек, Миллий марказ тизимидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Ғуломжон Узоқов томонидан “Ғаллани макро ва микро элементлар билан бойитилган препаратлар ёрдамида суспензия усулида баргдан озиқлантиришнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилинди. Унда экинларнинг ўсиш босқичларида озиқлантириш тизимига алоҳида эътибор қаратиш, ҳосилдорликни оширишда илмий ёндашувнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Семинар давомида ғалла етиштирувчи кластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ўз билим ва кўникмаларини ошириш билан бирга, тажрибали мутахассислардан қишлоқ хўжалигидаги инновацион ёндашувлар ҳақида амалий тавсиялар олдилар. Ушбу семинар ҳудудий фермерларнинг малакасини ошириш, ҳосилдорликни барқарорлаштириш ва сифатли экин етиштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе