Бухорода далалардаги десикация жараёни кўздан кечирилди

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, агротехник тадбирларнинг бориши ҳамда ҳосилни йиғиштириб олишга тайёргарлик жараёнлари билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлиб турибди.
Ташриф дастурига мувофиқ, илк манзилда Бухоро туманидаги қатор далалар кўздан кечирилди. Асосий эътибор пахта далаларида ҳосилни йиғим-теримга тайёрлаш жараёнлари, хусусан, десикация тадбирларининг амалга оширилишига қаратилди.
Десикация — экинларни йиғим-теримга тайёрлаш мақсадида ўсимликнинг вегетациясини тезлаштириш ва ортиқча намликни камайтиришга қаратилган агротехник тадбир бўлиб, пахтачиликда у ҳосилнинг бир маромда пишиб етилиши ва йиғим-терим жараёнини самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.
Вазир ўрганишлари давомида далаларда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган “8 та қонун” талаблари ишлаб чиқилгани, бироқ уларнинг мазмун-моҳияти айрим раҳбарлар ва фермер хўжаликлари томонидан ҳали тўлиқ англаб етилмаётгани қайд этилди.
“8 та қонун”ни шунчаки тавсия сифатида эмас, даладаги ҳар бир агротехник тадбирнинг аниқ мезони сифатида қабул қилиш керак, — деди вазир.
Ўз навбатида, масъулларга агротехник тадбирларни муддатида ва сифатли бажариш, ҳар бир дала кесимида ҳолатни таҳлил қилиш, ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга пухта тайёргарлик кўриш ҳамда фермерларга амалий кўмакни кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм