



Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида “Докторантлар куни”га бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирни Миллий марказ директори ўринбосари Соҳибжон Исломов кириш сўзи билан очди. У ўз нутқида бундай семинарлар илмий изланишларни пухта ташкил этиш, таҳлил қилиш ва келгусида диссертацияларни муваффақиятли ҳимоя қилишда муҳим босқич эканини таъкидлади.
Семинарнинг дастлабки тақдимоти Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти докторанти Халиқулов Музаффар Абдураззоқ ўғли томонидан амалга оширилди. У “Универсал илдиз-мева ковлагични ишлаб чиқиш ва параметрларини асослаш” мавзусидаги илмий иш натижаларини тақдим этди. Презентация давомида ишлаб чиқилган техника воситасининг конструктив хусусиятлари, долзарблиги ва қишлоқ хўжалигида самарали қўлланиш имкониятлари юзасидан чуқур муҳокамалар бўлиб ўтди.
Экспертлар мазкур тадқиқотнинг долзарблигини эътироф этдилар. Бироқ “ярқ” этган илмий янгилик кўзга ташланмагани, шунингдек, илдиз-мевани йиғиштириб оладиган мавжуд агрегатлардан афзал жиҳатларини докторант етарлича таҳлил қилиб ёритмагани танқидий мулоҳазаларга сабаб бўлди.
Шунингдек, Зоом платформаси орқали Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг таянч докторанти Абдураҳимов Умиджон Абдурашид ўғли “Тритикаледан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштиришда уруғ экиш муддатлари ва меъёрларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги илмий иш натижаларини тақдим этди.
Тақдимотда у томонидан олиб борилган тажрибалар, экиш муддатлари ва меъёрлари бўйича амалий хулосалар берилди. Бироқ ушбу ишга бағишланган тақдимотда маълумотлар ўртасидаги номутаносибликлар ва таҳлиллар етарлича чуқур ўрганилмагани, илмий натижалар ҳали етук эмаслиги экспертлар томонидан танқид қилинди.
— Фенологик кузатувларда назорат навга нисбатан фарқларни аниқ кўрсатиш зарур, — дея таъкидлади Миллий марказ бўлим бошлиғи Ўлмасжон Собитов.
Семинарнинг якуний қисмида Миллий марказ директори ўринбосари Соҳибжон Исломов қуйидаги фикрларни билдирди:
— Ҳар бир илмий ишнинг муваффақиятли якунланиши илмий-тадқиқот институтининг салоҳиятини ошириб, унинг юзига айланиши керак. Акс ҳолда, бу ишлар фақат илмий даража олиш илинжида қилинаётган ҳою ҳавас бўлиб қолади. Биз бундай ҳолатларга ҳеч қачон йўл қўймаймиз. Чунки давлат биздан юқори самарадор илмий ишланмаларни кутмоқда. Буни ҳар бир илмий муассаса раҳбари, масъуллар ва докторантлар чуқур ҳис қилиб англашлари зарур!
