Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида “Докторантлар куни” доирасида навбатдаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ёш тадқиқотчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг изланиш натижаларини муҳокама қилиш ва мутахассислар билан очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти докторантлари иштирок этди.
Тадбирда икки нафар докторант ўз илмий ишлари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Тақдимотлар давомида илмий ғоялар, методик ёндашувлар ва амалий натижалар юзасидан фикр алмашилди, таҳлил ва мулоҳазалар билдирилди.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти докторанти Азамхон Маъруфхонов “Интродуксия қилинган селлюлоза парчаловчи қўзиқоринларни Ўзбекистон шароитида етиштириш технологияси” мавзусида тақдимот қилди. У ўз илмий ишида пахта шелухаси ва чаноғида қўзиқорин етиштириш бўйича олиб борилган тажрибаларни, уларнинг экологик ва иқтисодий самарадорлигини ёритди.
Иштирокчилар мазкур тадқиқотни долзарб ва истиқболли деб баҳолаган бўлсалар-да, унда бир қатор илмий ва услубий камчиликлар мавжудлигини таъкидладилар. Хусусан, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, эксперт Ғафуржон Парпиев томонидан илмий тил меъёрларига тўлиқ риоя қилинмагани, таҳлиллар ва жадвалларнинг етарли даражада тақдим этилмагани, илмий янгиликнинг аниқ белгилаб берилмагани қайд этилди.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бўлим бошлиғи Шаҳноза Эргашева эса илмий ишда услубий, грамматик ва стилистик хатоликлар мавжудлигини билдирди ва диссертацияни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти докторанти Умиджон Усмонов “Лалмикор тупроқларнинг агрофизикавий хоссаларини сидерат экинларни навбатлаб экиш орқали яхшилаш” мавзусидаги илмий ишини Зоом платформаси орқали тақдим этди. Унинг тадқиқотида жадвал ва рақамли таҳлиллар кенг ёритилган бўлса-да, назарий асосларнинг заифлиги мутахассислар томонидан эътироф этилди.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан ҳар икки докторантга илмий ишларини такомиллаштириш бўйича қуйидаги аниқ тавсиялар берилди:
– Илмий тил ва услуб меъёрларига риоя қилиш;
– Таҳлил ва хулосаларни чуқурлаштириш;
– Назарий ва методологик асосларни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
“Докторантлар куни” доирасидаги ушбу очиқ мулоқот — ёш тадқиқотчилар учун танқидий фикрлаш, таҳлилий мулоҳазаларни тинглаш ва илмий қарашларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди




