Доналд Трамп Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан таклиф этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампни таваллуд куни муносабати билан табриклаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида тўхталди.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида АҚШ билан ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган алоқалар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
“Бугун Ўзбекистон – АҚШ алоқалари ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам ва амалий руҳ касб этаётгани айни ҳақиқатдир”, – дейилади мактубда.
Президентимиз Ўзбекистон очиқ ва конструктив ҳамкорликка интилаётган мамлакат сифатида АҚШ билан кўп қиррали ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини қайд этди. Жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Доналд Трампнинг тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаб, халқаро ва минтақавий платформалар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик бундан буён ҳам янги амалий натижалар билан бойиб боришига ишонч билдирди.
Стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Президентимиз америкалик ҳамкасбини Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан келишга таклиф этди.
https://t.me/Rasmiy_axborot_official