Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтидаЎзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ҳамда Кореянинг Гангwон Био компанияси бош директори Гапсу Ёон бошчилигидаги делегация иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида жаҳон бозорида харидоргир бўлган доривор женшен ўсимлигини Ўзбекистонда етиштириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу экинни замонавий биотехнологиялар асосида кўпайтириш, илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболда маҳсулотни тижоратлаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Кореялик мутахассислар лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, аввало мавжуд шароитларни жойида ўрганиш, зарур эҳтиёжларни аниқлаш ҳамда ишларни аввал келишилган режа ва стандартлар асосида ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, женшен маҳсулотларини бозорга олиб чиқишда маркетинг стратегиясини пухта ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон томони мазкур лойиҳа мамлакатда доривор ўсимликлар етиштиришни ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт имкониятларини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, лойиҳани қисқа муддатда амалий босқичга олиб чиқиш ҳамда уни амалга оширишда ҳар томонлама ташкилий ва амалий кўмак кўрсатилиши билдирилди.
Гангwон Био раҳбарияти Ўзбекистонда женшен етиштириш лойиҳасини амалга оширишда ўз тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этишга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар женшен етиштириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришдилар.



