Корея Республикаси Қишлоқ, тўқимачилик, чорвачилик ва озиқ-овқат вазирлиги (МАФРА) ҳамда Корея Қишлоқ ва сув хўжалиги корпорацияси (КРК) томонидан амалга оширилаётган ОДА (Оффикиал Девелопмент Ассистанке — Расмий тараққиёт ёрдами) лойиҳаси доирасида, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (АКИС) ва ДИКА (Данкоок Институте оф Интернатионал Кооператион он Агрикултур) ташкилоти директори Ли Дон Жин ҳамкорлигида Фарғона вилоятининг Риштон ва Боғдод туманларида амалий маслаҳат тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирда қалампир ва булғор қалампири етиштирувчи 14 нафар фермер иштирок этиб, ўз ҳовлиларида мутахассислардан амалий йўл-йўриқлар олдилар. Машғулотлар давомида ўғитлаш, суғориш, бегона ўтларни йўқотиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали усуллар, шунингдек, ҳосил йиғиш ва қуритишдаги илғор технологиялар батафсил ўргатилди.
Мутахассислар Корея тажрибаси асосида касаллик қўзғатувчиларни аниқлаш, тўғри кимёвий воситани танлаш ва уни хавфсиз қўллаш бўйича амалиётлар ўтказдилар. Шунингдек, қуритиш жараёнида йўқотишларни камайтириш ва қалампир кукуни сифатини ошириш йўллари ҳам кўрсатиб берилди.
Фермерлар ўқув машғулотидан катта таассурот олдилар. Улар ўз фикрларида бу билимлар амалда иш беришига ишонч билдиришди, хусусан, қуритиш ва қайта ишлашда сифатни ошириш даромадни кўпайтиришга ёрдам беришини алоҳида таъкидладилар.
Бу ўқув машғулоти фермерлар салоҳиятини ошириш, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига ижобий таъсир кўрсатиши кутилаётгани қайд этилди.




