Шу кунларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Озарбайжонда бўлиб турибди. Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон, Озарбайжон, Италия ва Хорватия ўртасида фундук етиштириш бўйича халқаро қўшма лойиҳа устида келишувга эришилди.
Делегация аъзолари Озарбайжоннинг илғор илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти, олиб борилаётган илмий изланишлар билан яқиндан танишди. Учрашувларда хорижий тажриба, айниқса фундук етиштиришдаги замонавий ёндашувлар ва навлар муҳокама қилинди.
Натижада Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, академик М.Мирзаев номидаги Узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Озарбайжон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Мевачилик ва чойчилик” илмий-тадқиқот институти, шунингдек Италия ҳамда Хорватиянинг тегишли илмий муассасалари билан ҳамкорликда Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба стансияси ҳудудида фундук боғи барпо этилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида “Ата-баба”, “Галиб” ва “Сачагли” номли навлар олиб келиниб, уларни маҳаллий иқлимга мослаштириш, кўпайтириш ва интенсив агротехнологиялар асосида парваришлаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор чой ўсимлигини етиштиришда ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бу йўналишда олиб бориладиган тажриба ва таҳлиллар чой етиштириш бўйича янги илмий асослар яратиш ҳамда бу маҳсулотнинг мамлакатимиз иқлимига мослашувчанлигини ўрганишга қаратилади.
Ушбу халқаро ҳамкорлик лойиҳаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги босқични бошлаб беради, деб ишонамиз.


