Жорий мавсумда куз ойларининг меъёридан ортиқ қуруқ ва илиқ келиши республика бўйлаб бошоқли дон экинларининг ўсишига сезиларли таъсир кўрсатди. Сентабр–ноябр ойларида ёғингарчиликнинг камлиги ва ҳаво ҳароратининг юқорилиги сабабли айрим майдонларда ғалла умуман униб чиқмаган бўлса, бошқалари 1–2 барг ёки 3–4 барг фазасида тўхтаб қолди. Бу эса тупланиш жараёнини секинлаштириб, илдиз ривожини сустлаштирди, қишки совуққа чидамлиликни камайтирди.
Қуруқ шароит оқибатида тупроқнинг қаттиқлашиши, минерал ўғитларнинг яхши ўзлашмаслиги ва майсаларнинг норасолигига ўхшаш салбий ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Халқаро тажрибаларга кўра, бундай шароитда ғалла майдонларини енгил суғориш, аммоний сулфат билан озиқлантириш, биостимуляторлар қўллаш ва тупроқда намни узоқ сақлайдиган агротехник чоралар фермерлар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республика бўйлаб махсус Ишчи гуруҳларни ташкил қилди. Уларнинг вазифаси — ҳар бир контур ҳолатини жойида ўрганиш, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва фермерларга илмий асосланган тавсиялар беришдан иборат.
Фарғона водийси вилоятлари бўйича Республика ишчи гуруҳига Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ўринбосари Ойбек Аманов раҳбарлик қилмоқда.
Ҳозирда гуруҳ аъзолари фермерлар билан бевосита мулоқот қилиб, ғалла майдонларининг ҳолатини ўрганмоқда. Шундай учрашувлардан бири Андижон туманида ўтказилди. Семинар давомида далалардаги аниқ ҳолатлар кўриб чиқилди, фермерлар томонидан берилган саволларга илмий асосланган жавоблар берилди.
"Уруғни ундириш учун ўқ ариқлар оралиғини 60–70 метрдан оширмасдан енгил суғоришни ташкил этиш, тупроқ намлигини сақлаш учун чириган гўнг ёки қоплама материали қўллаш, ранги сариқ ёки ривождан ортда қолган майдонларда аммоний сулфатни меъёрда бериш, фосфор кам берилган майдонларда суюқ фосфорли биостимуляторлардан фойдаланиш, ўсишни тезлаштириш мақсадида биостимуляторларни ўз вақтида қўллаш, шунингдек гўзапояни майдалаб тозалаш ва қуёш нурининг майдонга яхши тушишини таъминлаш зарур"
– дея таъкидлади Ойбек Аманов фермерлар билан мулоқотда.
Семинар давомида фермерларга биостимуляторларни тўғри қўллаш, кечикиб ривожланаётган майдонларда қўшимча озиқлантириш, чириган маҳаллий гўнгдан фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш каби масалалар бўйича ҳам амалий кўрсатмалар берилди.
Мутахассислар таъкидлашича, тавсия этилган агротехник чоралар ўз вақтида амалга оширилса, мавсум бошида кузатилган қуруқ ва илиқ шароитнинг салбий таъсирини камайтириш, қишга чидамли ва ривожланиши барқарор бўлган ғалла майдонларини шакллантириш мумкин.




