Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Ғаллачилик: мўл ҳосил учун ҳаракатни бугун бошланг

Ғаллачилик: мўл ҳосил учун ҳаракатни бугун бошланг
Ғалладан мўл ҳосил олиш учун фақат яхши уруғнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун тупроқни тўғри парваришлаш, экинни ўз вақтида озиқлантириш ва ҳар бир агротехник тадбирни илмий асосда ташкил этиш талаб этилади. Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари Қашқадарё вилоятининг тўртта туманида фермерлар билан ана шу масалалар юзасидан амалий мулоқотлар ўтказди. Нишон, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида ташкил этилган дала семинарларининг асосий мақсади — 2027 йилги ғалла ҳосили учун пухта тайёргарлик кўриш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишнинг илмий асосларини амалиётга татбиқ этишдан иборат бўлди. Учрашувларда фермер хўжаликлари раҳбарлари, тажрибали агрономлар, ҳудудий агросоҳа вакиллари ҳамда мутахассислар иштирок этди. Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари, профессор Зоҳиджон Зиёдуллаев семинар иштирокчиларига ғаллачиликда олдинда турган муҳим вазифалар хусусида сўз юритди. У юқори ҳосилдорликка эришишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ҳар бир майдоннинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб иш юритиш ҳамда олимлар тавсияларига амал қилиш муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, ғалла майдонларини ўсув даврида тўғри ва сифатли озиқлантириш, минерал ўғитларни белгиланган меъёрларда қўллаш, шарбат усулида суғориш, маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш ва суғориш ишларини илмий тавсиялар асосида ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Семинарлар қуруқ маърузалар билан чекланиб қолмади. Фермерлар ўзларини қийнаётган масалаларни ўртага ташлаб, олим ва мутахассислар билан бевосита фикр алмашди. Ғалла етиштиришда учраётган муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича амалий тавсиялар берилди. Аслида, мўл ҳосил йиғиштириб олинадиган куннинг натижаси кўп жиҳатдан бугун далада қабул қилинаётган қарорларга боғлиқ. Шу маънода, олимларнинг фермерлар билан бевосита майдонларда учрашиши, илмий ишланмаларни амалиёт билан боғлаши ва ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароитидан келиб чиқиб тавсиялар бериши муҳим аҳамиятга эга. Бундай амалий семинарлар илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тавсияларни фермер хўжаликларига етказиш ҳамда 2027 йилги ғалла ҳосилини юқори натижалар билан якунлашга замин яратади. Расмий саҳифаларимизни кузатиб боринг. WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок|Ёутубе

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.