Генетик ресурсларни асраш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий мезонлардан биридир

Дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда генетик ресурсларнинг аҳамияти катта. Боиси ўсимликларнинг генетик ресурслари стратегик ресурс ҳисобланиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг мустаҳкам ҳамда ажралмас пойдевори ҳисобланади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотига кўра, дунёдаги 812 та генбанк рўйхатга олинган. Ушбу генбанкларнинг 12 таси халқаро ва 7 таси минтақавий мақомга эга. Дунёдаги генбанкларнинг энг йириги Норвегиядаги Свалбард глобал уруғлик омборидир. Шимолий қутб доирасидан 1300 километр узоқликда абадий музликлар ҳудудида жойлашган ушбу генбанк 2008-йил феврал ойида Норвегия ҳукумати томонидан очилган дунёдаги энг катта ва хавфсиз уруғлик омбори ҳисобланади.
Генбанк ташкил қилинган 2008-йилда дастлаб 90 минг нав намуналари жойлаштирилган бўлса 2024-йил май ойи маълумотларига кўра ушбу генбанкда сайёрамизнинг турли нуқталарида жойлашган миллий, минтақавий ва халқаро генбанклардан жўнатилган 1 млн 200 мингдан зиёд ўсимлик ва қишлоқ хўжалик экинларининг нав намуналари сақланади.
Генетик ресурсларни самарали сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда асосий мезонлардан биридир. Атроф-муҳит ва иқлим шароитининг кескин ўзгариши, биотик ва абиотик омилларнинг таъсирида генетик хилма-хилликнинг пасайишига ѐки маълум бир популяциянинг биогеоценоз занжиридан чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Мазкур муаммони ҳал этишда генетик банкларнинг ѐки бошқача қилиб айтганда, генофондларнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёсдир.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе