Геосиёсий хатарлар ва Ўзбекистон танлаган йўл

Бугунги дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги фақат аграр масала эмас, балки геосиёсий барқарорлик масаласига ҳам айланди. Урушлар, савдо йўлларидаги узилишлар, ёқилғи ва ўғит нархининг кескин ўзгариши, экспорт чеклови, портлар ва логистика йўналишларидаги хавфлар бир мамлакатдаги даланинг ҳосилига бошқа қитъадаги сиёсий воқеалар ҳам таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шундай шароитда давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигида ўтказилаётган чуқур ўйланган ислоҳотларнинг моҳияти янада яққол кўринади. Давлат буюртмаси ва эски маъмурий тизимлардан босқичма-босқич воз кечиш, фермер ва деҳқонга эркинлик бериш, ғалла ва пахтада бозор механизмларини жорий этиш, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш, ердан фойдаланишда шаффофликни ошириш, деҳқон хўжаликларига ер ажратиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш — буларнинг барчаси фақат иқтисодий ислоҳот эмас. Бу ташқи хатарлар кучайган даврда мамлакатнинг озиқ-овқат мустақиллиги ва ички барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлидир.
Бугунги геосиёсий вазият бизга бир ҳақиқатни ўргатмоқда: ҳар бир давлат ўз дастурхонининг асосий қисмини ўзи таъминлай олиши билан бирга дунё бозори билан оқилона боғланган бўлиши керак. Ўзбекистоннинг йўли ҳам шу: ички бозорни барқарор таъминлаш, фермер даромадини ошириш, экспортни кенгайтириш, сув ва тупроқни асраш, илм-фан ва технология орқали қўшилган қиймат яратиш. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир муаммони имкониятга айлантириш мумкин, қачонки илм-фан, технология ва инновациялардан тўғри фойдалансак. Бугунги озиқ-овқат сиёсати айнан шу тамойилга таянмоқда: геосиёсий хатарларга жавоб изоляция эмас, балки кучли ички ишлаб чиқариш, диверсификация, илмга асосланган аграр бошқарув, рақамлаштириш, сув тежамкорлиги ва инсонга йўналтирилган ислоҳотлардир.
Қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “2050-йил дастурхони: Инсониятни ким ва қандай боқади?” сарлавҳали мақоласидан.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе