Қишлоқ хўжалиги вазири – Иброҳим Абдураҳмонов томонидан илгари сурилган “Долзарб 30 кун” ташаббуси доирасида айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида ғўза парвариши бўйича амалий дала семинарлари ўтказилмоқда.
Ана шундай семинарлардан бири Наманган вилоятининг Поп туманидаги “Поп олмос гавҳари” ҳамда Чуст туманидаги “Барокату замин” фермер хўжаликларида ташкил этилди.
Семинарда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази масъул ходимлари, Пахтачилик кенгаши аъзолари, Агрохизматлар маркази мутахассислари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Тадбир давомида ғўза парваришида июл–август ойларида амалга оширилиши лозим бўлган кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирлар юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Хусусан, ғўзанинг гуллаш ва кўсаклаш даврида таркибида бор, темир, рух, марганец ҳамда бошқа микроелементлар мавжуд препаратларни қўллаш, ҳар гектарга 1 килограмм ачитқи (дрожа) ва 250 грамм шакар қўшилган суспензиядан фойдаланиш, суғориш ва озиқлантириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, зараркунанда ҳамда касалликларга қарши курашиш чораларини кучайтириш масалалари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, ғўзанинг ортиқча ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида механик чеканка ўтказиш, ривожланиш ҳолатига қараб “Сожен” препарати билан ишлов бериш, 1-август ҳолатига кўра 8–10 та кўсак шаклланган майдонларда “Этефон” препаратини қўллаш ҳамда белгиланган муддатларда дефолиация ишларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Семинар якунида фермерларга ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда юқори ва сифатли ҳосил етиштириш юзасидан зарур тавсиялар берилиб, тарқатма материаллар тақдим этилди.



