Ҳар бир дала — алоҳида ёндашув: пахта дефолиацияси бўйича ўқув семинари ўтказилди

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида республика ҳудудларида пахта дефолиациясини илмий асосланган агротехник талаблар асосида сифатли ва ўз муддатида ўтказиш, ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган ўқув семинари ташкил этилди.
Видеоконференс алоқа шаклида ташкил этилган семинарда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва соҳага алоқадор тизим ташкилотлари раҳбарлари, аграр соҳа мутасаддилари, соҳадаги олимлар, агрокластерлар раҳбарлари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Очиқ мулоқот ва амалий таҳлил руҳида ўтган семинарда бугунги кунда пахта далаларидаги ҳолат, август ойининг биринчи ярмида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижалари ҳамда яқин кунларда кечиктирмасдан бажарилиши лозим бўлган муҳим агротехник ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, дефолиация жараёнига ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, ғўзанинг ўсиш ва ривожланиш ҳолати, кўсакларнинг пишиш ва очилиш даражаси каби омилларни инобатга олган ҳолда ёндашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани, шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги фермерлар ҳам сўзга чиқиб, ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда Этефон препарати билан ишлов беришнинг аҳамияти, унинг кўсакларнинг очилишига таъсири ҳамда далаларда кузатилаётган натижалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Муҳокамалар давомида шу кунгача гектарига 2 литр Этефон билан ишлов берилган пахта майдонларида навбатдаги агротехник тадбирларни қандай ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталинди. Шу билан бирга, гектарига 1–1,5 литр миқдорида Этефон қўлланилган майдонлардаги ғўзаларнинг ҳолати ҳам таҳлил қилинди.
Иброҳим Абдураҳмонов ҳар бир майдондаги ҳолатга бир хил мезон билан эмас, балки ҳудуднинг географик жойлашуви, иқлим шароити, ғўзанинг ривожланиш даражаси ва кўсакларнинг очилиш ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш зарурлигини таъкидлади. Шу асосда айрим майдонларда белгиланган меъёрлар доирасида авгуронга этефон қўшиб ишлов бериш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Семинарда асосий эътибор ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида, илмий тавсиялар ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга оширишга қаратилди. Зеро, дефолиацияни тўғри муддат ва мақбул меъёрларда ўтказиш ғўзаларнинг баргдан тез ва сифатли тозаланиши, кўсакларнинг бир маромда очилиши ҳамда пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўқув семинари якунида мутасаддилар, агрокластерлар ва фермерларга пахта майдонларини ҳар куни таҳлил қилиб бориш, ҳар бир ҳудуд ва дала шароитидан келиб чиқиб дефолиация ишларини илмий асосланган тавсиялар асосида ташкил этиш, ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм