Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Ҳар бир кун ҳисобли: пахтачиликда муҳим вазифалар белгиланди

Ҳар бир кун ҳисобли: пахтачиликда муҳим вазифалар белгиланди

Республикада пахта етиштиришнинг ҳал қилувчи босқичи бошланди. Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида видео-конференс-алоқа шаклида республика семинари ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, туман ҳокимлари, фермерлар, кластерлар, соҳа мутахассислари ҳамда олимлар иштирок этди.

Семинарда ғўзани парваришлаш, чеканка, суғориш, озиқлантириш, макро ва микроелементлардан самарали фойдаланиш, дефолиацияга тайёргарлик ҳамда пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Таъкидланганидек, 1-августга қадар ғўзанинг бўйини максимал 95 см қилиш ҳамда ҳар бир туп ғўзада 8–10 та тўлиқ кўсак шакллантириб, уларни пишиш босқичига тайёрлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

“Асосий мақсад — 1-августга қадар ҳар бир ғўзанинг бўйини максимал 95 см қилиш ҳамда ҳар бир туп ғўзада 8–10 та кўсакни шакллантириб, уни пиширишдир. Агар пахтага қариш сигнали берилмаса, у ўсишдан, гуллашдан тўхтамайди. Натижада пишиб етилиши кечикиб кетади”, — деди Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов.

Ҳозирги иқлим шароитида июл ойидаги ҳар бир кун муҳим аҳамиятга эга. “Ҳозирги иқлим шароитида ғўза июл ойида фаол ўсиш босқичида бўлиши керак. Бу даврда вақтни бой бериш кейинги ривожланишга салбий таъсир кўрсатади”, — деди вазир.

Семинарда ғўзанинг меъёрий ўсишини таъминлаш, чеканкани ўз вақтида ўтказиш, суғориш ва озиқлантириш ишларини уйғун ташкил этиш, минерал ўғитлар билан бир қаторда микроелементлардан илмий тавсиялар асосида фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, бегона ўтларга қарши кураш ишларини кучайтириш, гербицидларни агротехник талабларга қатъий риоя қилган ҳолда қўллаш зарурлиги таъкидланди.

“Препаратни ғўзанинг очилган гулларига сепиш мумкин эмас. Бу гулларнинг зарарланиши ва стерилланишига олиб келиши мумкин”, — дея огоҳлантирди вазир.

Йиғилишда биологик ўғитлар ва биопрепаратларни кенг жорий этиш, олимлар ва фермерлар ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Фермерлар ва кластерлар агротехник тадбирларни ўз тажрибасига эмас, балки илмий асосланган тавсияларга таянган ҳолда ташкил этиши зарур. Илм-фаннинг асосий вазифаси — амалий натижа бериш ва фермерга хизмат қилишдан иборат”, — деди Иброҳим Абдураҳмонов.

Семинар якунида 1-августдан ғўзани этефон билан "қаритиш" ишларини бошлаш, август ойида икки марта дефолиация тадбирларини амалга ошириш, сентабр ойида десикация ишларини ўтказиш, пахта теримига пухта тайёргарлик кўриш, ҳар бир майдонда кунлик мониторингни йўлга қўйиш ҳамда илмий тавсияларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.