Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига келиб тушаётган ҳар бир мурожаат қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилиб, унда кўтарилган масалаларга илмий асосланган ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зарур ҳолларда мурожаатлар соҳа олимлари ва мутахассислари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Ана шундай мурожаатлардан бири — фуқаро Ҳусанбой Мусабоев томонидан ишлаб чиқилган “НАНО ОРГАНИК” табиий органик-минерал ўғити юзасидан келиб тушган таклиф бўлди. Мазкур мурожаатни атрофлича кўриб чиқиш мақсадида Зоом платформаси орқали учрашув ташкил этилди. Унда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази мутасаддилари, Агрохизматлар маркази ҳамда тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари ва илмий-тажриба стансиялари олимлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида мурожаатчи “НАНО ОРГАНИК” табиий органик-минерал ўғитининг таркиби, хусусиятлари ва қўллаш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидланганидек, маҳсулот табиий вулқон лаваси кукуни асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида азот, фосфор, калий, гумус ҳамда қатор микро ва макроелементлар мавжуд. Мурожаатчининг фикрича, ушбу ўғит тупроқнинг биологик фаоллигини ошириш, илдиз тизимини ривожлантириш ва ўсимликнинг табиий иммунитетини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида соҳа олимлари маҳсулотни белгиланган тартибда илмий экспертизадан ўтказиш, таркибини чуқур ўрганиш ҳамда тадқиқот натижалари асосида илмий хулоса бериш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, манфаатдор илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий хулоса ижобий бўлган тақдирда эса Агрохизматлар маркази билан ҳамкорликда семинарлар ташкил этиш ва маҳсулотни кенг тарғиб қилиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.




