Ҳавони ифлослантираётган ишлаб чиқаришларга қарши қатъий чоралар кўрилади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мавжуд вазиятга таъсир кўрсатаётган асосий омиллар, одамлар саломатлиги ва экологияга салбий таъсирни камайтириш йўллари атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда ўрнатилган меъёрлар бузилган ҳолларда ҳавони ифлослантираётган ишлаб чиқаришларга қарши қатъий чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Одамлар саломатлиги ҳақида гап кетганда, муросага ўрин йўқ ва бу тамойил давлат учун ҳам, бизнес учун ҳам бирдек амал қилиши керак,- деди Администрация раҳбари С.Мирзиёева.
Саида Шавкатовна шу кунларда тезкор тартибда ишлаб чиқилган эксперт хулосаларига асосланиб, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, тезкор чоралардан тортиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган тизимли ечимларгача қамраб олган комплекс таклифларни илгари сурди.
Хусусан, экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи обектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
https://t.me/Rasmiy_axborot_official