Ҳаётий жараёнлар илдиз отиши керак

Бугун қишлоқ хўжалигида ноодатий — “тескаридан бошланадиган” янги ёндашув зарур: илмий грант фақат лабораториядан эмас, ҳаётий жараёнлар ичида амалга оширилиши керак. Олим лойиҳа ёзмоқчи бўлса, биринчи савол “менинг технологиям кимнинг қайси муаммосини ҳал қилади?” бўлиши лозим. У қайси хонадонда, қайси фермер майдонида, қайси маҳаллада, қайси сув ва тупроқ шароитида синаб кўрилади? Фақат “менинг лабораториям бор”, “менинг тажриба стансиям бор”, “менинг мавзум қизиқ” деган ёндашув энди етарли эмас.
Олим далага чиқиши, фермер билан гаплашиши, маҳалланинг тупроғи, суви, меҳнати, бозори ва даромад имкониятини ўрганиши, атрофдаги инсон капиталини баҳолаб олиши ва шундан кейин лойиҳани реал шароитга мослаб ёзиши керак. Бу илмни пастга тушириш эмас, асло. Аксинча, илмни ҳақиқий кучга айлантиришдир.
Чунки фермер даласи ҳам лаборатория, хонадон томорқаси ҳам тажриба майдони. Чорвачилик хонадони, иссиқхона, боғ, балиқчилик ҳавзаси, уруғчилик майдони — буларнинг барчаси ҳаётнинг ўзидаги юқори технологик ва нисбатан арзон илмий платформа бўлиши мумкин. Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак: айрим ҳолларда ана шу қуйи бўғиндаги майдонлар технология, ташкилотчилик ва бозорга яқинлик жиҳатидан илмий институт ва жамоалардан илгарилаб кетган. Биз, олимлар, буни кўриб туриб, баъзан кўрмагандек бўламиз.
Хўш, ҳамма бирдай мақсадга етадиган ёндашув борми? Бор, албатта. Бу далага боғланган, томорқадан шаклланган ва бозорга йўналган илмий тадқиқотларнинг янги занжиридир.
Қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг "Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган "Қуйидан – илм чўққисига: инновациянинг янги занжири ёхуд грант, олим, хонадон, фермер ва бозорни бирлаштирадиган тизим ҳақида" сарлавҳали мақоласидан.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе