Ҳосилни сақлаш маданияти — озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим бўғини

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сурхондарё вилоятидаги ишчи ташрифини якунлаб, Қашқадарё вилоятига етиб келди.
Ташриф дастурига мувофиқ вазир Қарши туманидаги "Карвон омад савдо" МЧЖ тасарруфидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган совутгичли омбор фаолияти билан танишди.
Айни пайтда омборда 360 тонна сабзи ва 400 тонна картошка сақланмоқда. Вазир омборда яратилган шароитлар, маҳсулотларни сақлаш жараёнлари ҳамда уларнинг сифатини узоқ муддат сақлаб қолишга қаратилган технологик ечимларни кўздан кечирди.
Ўрганишлар давомида маҳсулот сифатини сақлаш ва табиий йўқотишларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳсулотларни ортиқча босим туширадиган тарзда тахламаслик, улар орасида ҳаво эркин айланишини таъминлаш, вентиляция тизимидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳарорат ва намлик кўрсаткичларини доимий назорат қилиш юзасидан масъулларга зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, мавжуд сақлаш қувватларидан самарали фойдаланиш, замонавий сақлаш технологияларини кенг жорий этиш, энергия тежамкор ускуналардан унумли фойдаланиш ҳамда барча сақлаш жараёнларини технологик талаблар асосида ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Албатта, ҳосилни сифатли сақлаш — деҳқоннинг меҳнатини қадрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини оширишнинг муҳим омилларидан биридир.
Ҳар бир килограмм маҳсулотни исроф қилмасдан истеъмолчига етказиш ва сақлаш инфратузилмасини янада ривожлантириш олдимиздаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм