Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2015 йил 22-декабрда қабул қилинган резолюцияга мувофиқ 11-феврал – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни этиб белгиланган. Ушбу сана муносабати билан 13-феврал куни Тошкент вилоятида “Аёллар илмий тажрибаси орқали экологик ва барқарор фермерликни ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида ўтказилди. Унда илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари, соҳавий бирлашмалар ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини институт Хотин-қизлар кенгаши раиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилбар Рашидова олиб борди. Табрик сўзларида нотиқлар аёлларнинг илм-фан ва аграр соҳадаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини, уларнинг илмий изланишлари ва амалий ишланмалари барқарор фермерликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Тадбир давомида СТЕАМ йўналишига қизларни жалб этиш, иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсири, гендер тенглиги, селексия соҳасидаги ютуқлар ва замонавий агротехнологиялар ҳақида маърузалар тингланди. Шунингдек, “Яшил макон” дастури доирасида экологик барқарорликни таъминлашда олима аёлларнинг иштироки юзасидан фикр алмашилди.
Анжуман якунида илмий ва жамоатчилик фаолиятида фаол иштирок этган олима аёллар тақдирланди. Иштирокчилар бундай мулоқотлар илм-фан тараққиёти, гендер тенглиги ва инновацион ғояларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе