Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Илм, интизом ва инновация — ҳосилнинг уч таянчи

Илм, интизом ва инновация — ҳосилнинг уч таянчи
Республикада пахта етиштиришнинг энг масъулиятли ва ҳал қилувчи босқичи бошланди. Айнан бугунги агротехник тадбирлар кузги ҳосилнинг тақдирини белгилайди. Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида видео-конференс-алоқа шаклида республика семинари ўтказилди. Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, туман ҳокимлари, фермерлар, кластерлар, соҳа мутахассислари ҳамда олимлар иштирок этди. Мулоқот марказида эса битта мақсад турди — мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, юқори ва сифатли пахта ҳосилини таъминлаш. Семинар аввалида вазир бугун дунё қишлоқ хўжалиги олдида турган янги таҳдидлардан бири — микропластиклар муаммосига алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, пластик чиқиндилар фақат экологик муаммо эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатувчи омилдир. Шу боис далаларни пластик чиқиндилардан холи сақлаш, тупроқни асраш ва табиий, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири экани қайд этилди. Шунингдек, ўсимликларни касалликлардан ишончли ҳимоя қилиш орқали соғлом агроекотизимни шакллантириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Зеро, ҳосил миқдори билан бир қаторда унинг сифати ва хавфсизлиги ҳам бугунги замонавий деҳқончиликнинг энг муҳим мезонига айланмоқда. Семинар давомида ғўзани парваришлашнинг барча асосий агротехник тадбирлари — чеканка, суғориш, озиқлантириш, макро ва микроелементлардан оқилона фойдаланиш, дефолиацияга пухта тайёргарлик кўриш ҳамда пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Пахтачиликда микроўғитлардан фойдаланишнинг замонавий ёндашувлари ҳам тақдим этилди. Хусусан, кремний элементининг қўлланилиши ўсимликларнинг стресс омилларига чидамлилигини ошириш, касалликларга қарши табиий ҳимоясини кучайтириш ва ҳосилдорликни юксалтиришда муҳим омиллардан бири экани илмий асосларда тушунтирилди. Семинар якунида Қишлоқ хўжалиги вазири бугунги замонавий деҳқончилик фақат тажрибага эмас, балки илм-фан ва инновацияларга таянишини таъкидлади. Ҳар бир фермер, мутахассис ва соҳа вакили янги билимларни тезкор ўзлаштириши, уларни амалиётга татбиқ этиши ва агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда, сифатли бажариши зарурлиги қайд этилди. Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.