Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Марказ

Илм ва амалиёт уйғунлиги — аграр соҳада истиқбол гарови

Илм ва амалиёт уйғунлиги — аграр соҳада истиқбол гарови

Қишлоқ хўжалигида илм-фан ва инновациялар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Илмий ёндашувсиз замонавий агросаноатни ривожлантириб бўлмайди. Мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятига боғлиқ. Айниқса, сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик йўналишида илм ва амалиётни уйғунлаштириш орқали миллий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва хорижий уруғликка боғлиқликни камайтириш мақсад қилинган.

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг бугун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтидаги ўрганишларида ҳам ана шу мақсадлар яна бир бор алоҳида таъкидланди. Ташриф доирасида институтда амалга оширилаётган илмий ишлар, тажриба майдонларида олиб борилаётган синовлар, янги навларнинг хусусиятлари ва уларни амалиётга татбиқ этиш ҳолати ўрганилди. Олимлар томонидан жорий этилган агротехнологиялар, суғориш усуллари ва маҳаллий иқлим шароитига мос навлар ҳақида маълумотлар берилди.

Бироқ ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар ҳам қайд этилди. Илмий натижаларнинг амалиётга тўлиқ татбиқ этилмаётгани, моддий-техник база имкониятларининг чекланганлиги, ёш олимларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишда муаммолар мавжудлиги танқид қилинди. Миллий марказ директори ўринбосари Бунёд Мамарахимов бу камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Шу билан бирга, келгуси фаолият учун бир қатор муҳим йўналишлар белгилаб берилди. Жумладан, сабзавот экинлари дурагайлари уруғчилиги тизимли йўлга қўйилиши, ҳар бир тажриба даласида дала маданиятига қатъий амал қилиниши, “хонадонбай” илмий лойиҳалар сони кўпайтирилиши зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, давлат илмий-техник дастурлари доирасида лойиҳаларни кўпайтириш, грант ва танловларда фаол иштирок этиш, Скопус ва Wеб оф Скиенке базаларидаги нашрларда илмий мақолалар чоп этиш институтнинг устувор вазифаларидан бири экани таъкидланди.

Бунёд Мамарахимов ўз нутқида ушбу институт илмий жамоаси зиммасида хориждан картошка, сабзавот ва полиз экинлари уруғларининг импортини қисқартириш масъулияти борлигини қатъий таъкидлади. Бу эса маҳаллий шароитга мос, рақобатбардош ва серҳосил навларни яратиш ҳамда амалиётга жорий этишни талаб қилади.

Ташриф якунида аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга қисқа муддат ичида аниқ чора-тадбирлар белгилаш топширилди. Илмий жамоа эса ушбу масъулиятни англаган ҳолда, белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажаришга тайёр эканини билдирди.

Ушбу ташриф илмий муассасалар фаолиятини қайта баҳолаш, илмни амалиётга яқинлаштириш ва миллий қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Энди асосий мақсад — муаммоларни зудлик билан ҳал этиб, институт фаолиятини янги босқичга кўтаришдир.
Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.