Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Илмий натижадорлик – кучли мақолада акс этади. Афсуски…

Илмий натижадорлик – кучли мақолада акс этади. Афсуски…

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказида тизимга қарашли илмий-тадқиқот институтлари ҳамда илмий-тажриба стансиялари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирни Марказ раҳбари Шодмон Намозов кириш сўзи билан очиб, кун тартибига киритилган долзарб масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. У ўз нутқида йиғилиш танқидий руҳда ўтиши, сабаби тизимдаги ишлар қониқарли эмаслигини таъкидлади.

Йиғилишда илмий муассасалар ва илмий-тажриба стансияларининг олти ойлик фаолияти батафсил кўриб чиқилди. Ҳисоботларда айрим илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишда сусткашлик кузатилгани, илмий лойиҳаларнинг амалий самараси тўлиқ намоён бўлмагани, айрим стансияларда дала тажрибалари оқсагани қайд этилди. Шунингдек, фундаментал лойиҳалар билан деярли шуғулланилмаётгани ҳам кескин танқид қилинди.

Мажлисда Марказ директори ўринбосари Ойбек Омонов маҳаллий ва халқаро нашрларда илмий мақолалар чоп этиш масаласига алоҳида тўхталди. – Wеб оф Скиенке ва Скопус халқаро базаларида индексация қилинадиган журналларда илмий мақола чоп этилмаслиги – бу тадқиқотларнинг мавжуд эмаслигидан далолат беради. Бу борадаги ишларни тўғри йўлга қўйиш зарур, – дея танқидий фикр билдирди.

Шодмон Намозов эса йиғилиш якунида илмий муассасаларда натижадорликни ошириш масаласига алоҳида урғу берди. – Эндиликда ҳар бир лабораториянинг натижадорлиги таҳлил қилиниб, натижасига қараб аниқ чоралар кўрилади. Бундан ташқари, илмий тажриба стансияларидаги илмий даражали кадрлар масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилади, – деди у.

Шунингдек, барча институт ва стансиялар кесимида илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, хўжаликларга амалий ёрдамни кучайтириш, илмий лойиҳаларда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш топширилди.

Йиғилиш якунида раҳбарларга белгиланган вазифаларни қисқа муддатда бажариш, натижадорликни ошириш ва тизимда самарали фаолиятни йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шодмон Намозов илмий муассасалар олдида турган энг асосий мақсад – қишлоқ хўжалигини замонавий билим ва инновациялар асосида ривожлантириш эканини яна бир бор урғулади.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.