ИЛМИЙ НАТИЖАЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Миллий марказ тизимидаги Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон Республикасининг асосий аграр илмий марказларидан бири бўлиб, деҳқончилик ва аграр соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш ва янги технологиялар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратади. Институтнинг асосий мақсади Қорақалпоғистоннинг хўжаликлари учун самарали агротехникалар ва ресурслардан фойдаланиш усулларини ривожлантириш, мамлакатнинг аграр соҳа ривожига ҳисса қўшишдир.
Қорақалпоғистон Республикасининг деҳқончилик соҳаси учун ушбу институтнинг илмий натижалари ва таклиф этилган методикалар иқтисодий самарадорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экологик муаммоларни камайтиришда муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.
Бугун Миллий марказда ушбу илмий муассасанинг 2024-йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Ҳисобот йиғилишига Миллий марказ директори ўринбосари Бунёд Мамараҳимов раислик қилди. Дастлаб институт директори Бекмурод Турдишевнинг ҳисобот асосида тайёрланган тақдимоти билан танишилди.
Тақдимотда келтирилган натижалар ва фактлар комиссия аъзолари томонидан танқидий руҳда муҳокама ва айрим йўналишлардаги камчиликлар баён қилинди.
Жумладан, институтнинг аграр соҳадаги илмий тадқиқотлари ва ишланмалари кўп жиҳатдан заруриятга жавоб берган бўлса-да, баъзи соҳаларда амалий натижаларнинг пастлиги қайд этилди. Техник ва молиявий ресурсларнинг самарасиз тақсимланиши, баъзи таъминотлар ва қурилмаларнинг эскиришидан келиб чиқиб, талаб ва заруриятга мослик билан боғлиқ камчиликлар маълум қилинди. Илмий ишланмаларнинг деҳқончилик ва аграр секторда қўлланилиши бўйича зарур тадбирлар олиб борилмагани, назарий ва амалий ишларнинг интеграциясидаги узилишлар ҳам таъкидланди. Илмий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг юқори малакали мутахассислар сифатида ривожланиши учун янги дастурлар ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида институт раҳбарияти ва фаолият кўрсатувчи бўлимлар ўртасидаги ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини таъминлаш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе