Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида “Драйвер илмий лойиҳалар” доирасида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбати тропик меваларни ин-витро усулида кўпайтириш орқали маҳаллийлаштириш масалаларига бағишланди. Тадбир иштирокчилари ўзаро фикр алмашиб, ушбу биотехнологиянинг илмий ва амалий афзалликлари, шунингдек, иқтисодий самарадорлиги устида батафсил тўхталиб ўтишди.
Тадбирда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Мевали экинлар биотехнологияси лабораторияси мудири Абдураҳмон Аллаяров “Интродукция қилинган тропик мева экинларидан банан ва ананас ўсимликларини ин-витро шароитида микроклоонал кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда кўчатчилигини ташкил этиш” мавзусида маъруза қилди.
Абдураҳмон Аллаяровнинг таъкидлашича, тропик мевалар — айниқса, банан ва ананас — инсон саломатлиги учун зарур бўлган витамин ва микроелементларга бой. Улардан маҳаллий иқлимга мос навларни танлаб, ин-витро технологияси орқали кўпайтириш орқали мамлакатимизда мева етиштириш салоҳиятини ошириш мумкин.
Шунингдек, Абдураҳмон Аллаяровнинг фикрича, ин-витро микроклоонал кўпайтириш — бу нафақат юқори самарали биотехнология, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва селексия жараёнларини тезлаштиришда муҳим воситадир. Айни пайтда бананнинг Кавендиш, Г-9, Тропикана каби навлари ҳамда ананаснинг танланган намунаси устида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Тадбир иштирокчилари лойиҳа доирасида олиб борилаётган экспантларни стерилизация қилиш, меристемалардан вирусдан ҳоли кўчатлар олиш, илдизлантириш ва иссиқхона шароитига мослаштириш каби босқичлар билан яқиндан танишишди.
Муҳокама давомида тропик меваларни — айниқса бананни — Ўзбекистон иқлим шароитида етиштиришдаги қийинчиликлар, уларни маҳаллийлаштиришдаги илмий ёндашувлар ва имкониятлар кенг таҳлил қилинди.
Таъкидланишича, айни вақтда Фарғона вилоятининг Данғара туманида банан етиштириш йўналишида жадал ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Андижон, Тошкент, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида ҳам банан етиштирувчилар сони ортиб бормоқда.
Шунингдек, дунёда энг кўп банан етиштирувчи давлат — Ҳиндистон экани, ҳозирда тадбиркорларимиз асосан ўша давлатдан банан кўчатларини олиб келаётганликлари қайд этилди. Бу эса кўп харажатларни талаб қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар ин-витро технологияси орқали банан кўчатларини Ўзбекистонда етиштириш йўлга қўйилса, бу импортга қараганда икки баробар арзон тушади.
Шу кунгача институт томонидан ин-витро усулида тайёрланган 500 туп банан кўчати синов тариқасида тадбиркорларга етказиб берилган. Қизиқарли жиҳати шундаки, ушбу кўчатлардан олинган ҳосил таъм жиҳатидан баҳоланганида, меваларнинг Ҳиндистондан келтирилган навларга нисбатан ширин экани аниқланган.
Тадбир якунида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бўлим бошлиғи Ғафуржон Парпиев илмий муассасада етиштирилаётган банан кўчатларини тадбиркорларга етказиб бериш, тижоратлашган ҳолда кенг амалиётга жорий этиш бўйича таклиф берди.




