


Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигида Илмий-техник кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда илмий-тадқиқот институтларида олиб борилаётган тадқиқотлар, олимларнинг дуч келаётган муаммолари ва уларни ҳал этиш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий мавзулардан бири – қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтлари фаолияти, илмий изланишлар самарадорлиги ва илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилиши бўлди. Кенгаш давомида Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов илмий-тадқиқот институтлари фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни фактлар асосида танқид қилиб, масъулларга қисқа муддат ичида уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Шунингдек, 2024-йил давомида қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси йилда бажарилиши режалаштирилган вазифалар белгилаб олинди. Кенгаш иштирокчилари илмий-тадқиқот институтларининг истиқболли режаларини тақдим этиш орқали ўз таклиф ва лойиҳаларини муҳокама қилишди.
Илмий-техник кенгашнинг асосий масалаларидан бири сифатида халқаро лойиҳалар ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, хорижий илмий марказлар билан тажриба алмашиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича ҳам аниқ йўналишлар белгиланди.
Кенгаш якунида барча масъулларга келгуси йиғилишга қадар белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш топширилди. Ушбу йиғилиш қишлоқ хўжалиги илм-фани ва инновацияларининг ривожланишига янги туртки бериши кутилмоқда.
