Илмий ёндашув ва инновацион ғоялар – деҳқончилик соҳасида ривожланиш кафолати

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов ҳамда директор ўринбосари Бунёд Мамараҳимов Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб, мазкур муассасанинг илмий фаолияти, мавжуд инфратузилмаси ва амалга оширилаётган изланишлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Миллий марказ директори Шодмон Намозов институтдаги замонавий лабораторияларнинг ҳолатини кўздан кечирди, илмий ходимлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Учрашув чоғида институт томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар, хусусан, ин-витро усулида кўчатчиликни ривожлантириш ва уни тижоратлаштириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, илмий ишланмаларнинг ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши, ресурслардан самарали фойдаланиш, илмий кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда илм-фанни соҳага чуқур интеграциялаш борасида бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ишчи гуруҳ ташрифининг иккинчи қисми Қарши туманидаги тажриба майдонларида бўлиб ўтди. Бу ерда хорижий ғўза навлари янги агротехник ёндашувлар асосида етиштирилаётган тажриба ишларининг натижалари билан танишилди. Айниқса, хорижий селексия намуналарининг маҳаллий иқлим шароитларига мослашуви ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари бўйича олиб борилаётган кузатувлар муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Мазкур ташриф институт фаолиятини баҳолаш ва мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда, деҳқончилик илмида инновацион ўсиш нуқталарини аниқлаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе