Илмни амалиётга олиб чиқадиган янги ўқув дастури старт олди

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида яна бир муҳим ташаббусга старт берилди. Илмий-тадқиқот муассасалари учун мўлжалланган “Халқаро илмий лойиҳаларни шакллантириш ва ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш” ўқув дастури бошланди.
Дастур Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар
миллий маркази ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларлининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўқув дастурининг очилиш қисмида вазирлик бошқарма бошлиғи Тўхтамурод Отақулов иштирок этиб, кириш сўзи билан чиқиш қилди. У ўз нутқида илмий ишланмаларни халқаро грантлар орқали молиялаштириш, инновацияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва олимларнинг глобал майдонда рақобатбардошлигини ошириш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
36 соатлик курс давомида Миллий марказ тизимидаги илмий муассасалардан таклиф қилинган тингловчилар халқаро грантлар учун лойиҳа ёзиш, лойиҳа режасини аниқ ва тартибли тузиш, ўз лойиҳасини экспертлар олдида ишонч билан ҳимоя қилиш ҳамда илмий ғояни стартап ёки кичик бизнесга айлантириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлади.
Мазкур дастур илмни инвестиция ва амалиёт билан боғлайдиган муҳим қадамдир. Энди олим нафақат тадқиқот олиб борувчи мутахассис, балки грант юта оладиган ва ўз ишланмасини бозорга олиб чиқа оладиган рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе